Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

“Дунё мамлакатлари” – оламни теран англамоқ калити ёхуд 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўқувчилар учун зарур энциклопедия

“Дунё мамлакатлари” – оламни теран англамоқ калити ёхуд 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўқувчилар учун зарур энциклопедия

Аҳолиси бор-йўғи 50 кишидан иборат бўлган Питкерн диёрида 10 нафар аъзога эга парламент борлигини ёки Сейшель оролларидаги 25 килограммлик “тақиқланган мева” сирини биласизми? “Миллионерлар учун жаннат” қаердалиги ёки бир давлатнинг пойтахти бирданига уч мамлакат билан чегара нуқтасида жойлашганини-чи? Дунё биз ўйлагандан кўра анча қизиқарли, мураккаб ва зиддиятли. Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Лазиз Раҳматовнинг “Шарқ нашр” нашриётида чоп этилган янги қўлланмаси ўқувчини курраи заминимиздаги ҳар бир мамлакатнинг ички оламига саёҳат қилдиради.

Ахборот оқими кучайгани сари ҳар биримизда воқеликни тўғри талқин этиш, давлатлар ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни пухта англаш, геосиёсий жараёнларни таҳлил қилиш, энг асосийси, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қилиш тобора қийинлашиб бораётгани аён ҳақиқат.

Жадал ўзгараётган дунёда маълумот ниҳоятда кўп, аммо таъсирчан тушунчалар кам. Ҳар куни ўнлаб, юзлаб хабарлар-воқеалар, давлатлардаги жараёнлар ҳақида ўқиймиз, эшитамиз, кўрамиз. Лекин уларнинг моҳиятида яширин туб мақсадларни тушуниш учун кўпинча таҳлилий ёндашувлар етишмайди.

Ана шундай мураккаб даҳри дун манзарасини англашда муаллифнинг “Дунё мамлакатлари” асари муҳим қўлланма вазифасини бажариши, шубҳасиз. Ушбу салмоқли ва қизиқарли китобнинг қиймати яна шунда ҳамки, у ўқувчини беихтиёр фикрлашга, қиёсий таққослашга, мунтазам изланишга ундайди.

Китобда ҳар бир давлат ҳақидаги маълумотлар бошқарув шаклидан тортиб, аҳолиси, жойлашуви, табиати, тарихий тараққиёт босқичлари, иқтисодий ҳолати  ва ташқи сиёсатгача изчил тарзда ёритилади. Ҳар бир мамлакатнинг Ўзбекистон билан алоқалари алоҳида келтирилади, шунингдек, ҳар бир ўлкага хос, лекин ўқувчи учун жуда қизиқарли маълумотлар, байроқ, географик харита ва ўша давлатларга оид энг эътиборли рангли расмлар ўрин олгани унинг жозибадорлигини кескин оширади.

Бундай ўзига хос ёндашув китобхонга ҳар бир мамлакатни алоҳида-алоҳида ҳолатда эмас, балки яхлит тизим сифатида қабул қилиш, оламни бирбутун форматда идроклаш имконини беради. Масалан, Афғонистон ҳақидаги маълумотларда давлат тузилиши, этник таркиби, тарихий зиддиятлар ва халқаро муносабатлар ўртасидаги боғлиқлик, бу ерда яшаётган ўзбек миллатига мансуб аҳоли вакилларининг давлат тараққиётига ҳиссаси очиб берилади. Бу эса ўқувчини шунчаки фактлар билан танишишдан кўра, уларни таҳлил қилишга етаклайди.

Айтиш мумкинки, муаллифнинг шахсий тажрибаси ҳам китоб мазмунига катта мазмун қўшган. Лазиз Раҳматов мамлакатимизнинг ташқи муносабатлар соҳасида узоқ йиллар ишлаб келаётган мутахассис сифатида ҳар бир факт ва воқеликка ҳаётий жўшқинлик бағишлаган. Унинг журналист ва ёзувчи сифатидаги маҳорати эса китоб тилини содда, равон ва тўқмағизли қилади. Натижада асар кенг жамоатчилик учун тушунарли бўлиб, мураккаб сиёсий-иқтисодий жараёнлар ҳам оддий тарзда баён этилади.

Китоб 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ўқувчилар аудиториясини қамраб олишга қодир. Бу жиҳат нашрни ҳам илмий манба, ҳам оммабоп-маърифий асарга айлантиради.

Китобнинг энг муҳим таҳлилий жиҳатларидан яна бири – у орқали мустақилликнинг илк йилидан бошлаб Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ҳар бир қирраси хронологик тарзда очиб берилган. Муаллиф дунё мамлакатларини тавсифлар экан, уларнинг Ўзбекистон билан алоқаларини имкон қадар кенгроқ кўламда ёритишга уринади.

Китобхон ўз-ўзидан мамлакатимизнинг сўнгги йилларда ўсиб бораётган халқаро майдондаги ўрни ва ролини тасаввур эта бошлайди. Айниқса, 2017 йилдан буён муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсатида кузатилган амалий фаоллик, ўзаро манфаатдорликка асосланган кенг қамровли ва прагматик йўналиш китобдаги мисоллар орқали яққол намоён бўлади. Янги Ўзбекистоннинг жаҳон узра очиқлик, ҳар билан давлат билан ўзаро шериклик ва конструктив мулоқотга асосланган йўлини англайсиз.

“Дунё мамлакатлари”нинг қимматли манба сифатидаги яна бир жиҳати, унинг энциклопедик қамров кўламидир. Салкам бир минг икки юз саҳифага яқин ҳажмга эга бўлган мазкур қўлланма барча мамлакатлар ҳақида тўлиқ ва тизимли маълумотларни ўз ичига олган том маънодаги қомусий манба десак, муболаға бўлмайди.

Бир вақтнинг ўзида география, тарих, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, сиёсат, дипломатия ва бошқа соҳалар ҳақидаги маълумотларни ўзида уйғунлаштирган бу китоб шу йўналишдаги бўшлиқни тўлдиради.

Кўплаб қизиқарли маълумотлар сизни ўзига оҳанрабодек тортади. Масалан, фақатгина Сейшел Республикасида учрайдиган “денгиз кокоси” 800 йилгача умр кўриб, мевасининг оғирлиги 25 килограммгача етади. Маҳаллий аҳоли Одам Ато ва Момо Ҳаво истеъмол қилган тақиқланган мева айнан шу бўлган деб ҳисоблашади.

Шунингдек, Саудия Арабистони доимий дарёси йўқ бўлган кам сонли мамлакатлардан бири. Австралия эса бутун бир қитъани эгаллаган ягона давлат. Сингапур табиий ресурсларсиз ҳам жаҳондаги энг ривожланган иқтисодиётлардан бирига айлана олган. Питкерн дунёдаги энг кам аҳолига (50 киши) эга мамлакат бўлишига қарамай, 10 кишидан иборат бир палатали Кенгаши бор. Сен-Бартелеми мамлакатини эса “миллионерлар учун жаннат” дейишади.

Қуйидаги маълумот янада ҳайратланарли: кениялик депутатлар жаҳондаги энг бой қонун чиқарувчилардан ҳисобланади. Уларнинг ойлик иш ҳақи 10 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. Ҳар бир депутат ўз лавозимидан кетиш чоғида 107 минг доллар мукофот пули, қуролли тансоқчи, дипломатик паспорт ва аэропортнинг VIP-залидан ўтиш учун махсус рухсатномага эга бўлади.

Мутолаа давомида бу каби минглаб бир-биридан қизиқарли фактларга бот-бот дуч келасиз.

Мазкур китоб ўқувчига фақат билим бериш билан чекланмайди, у дунёқараш-тафаккурни ҳам бойитади. Шу жиҳатдан ушбу асар китобхонни бугунги таҳликали глобал дунёда “йўқолиб” қолмасликка, аксинча, ҳар бир шахс ўз ўрнини мустаҳкам топишига ундайди.

 Лутфулло Турсунов,
Журналистлар уюшмаси аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг