Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Буюк Британиядан бобурийларга тегишли бўлган олмосни қайтариш сўралди

Буюк Британиядан бобурийларга тегишли бўлган олмосни қайтариш сўралди

Ню-Йорк мэри инглиз қироли билан.

Фото: Reuters

Ню-Йорк шаҳри ҳокими Зоҳран Мамдани Буюк Британия қироли Чарлз (Карл) III дан машҳур «Кўҳинур» олмосини Ҳиндистонга қайтаришни сўради.  Бу ҳақда у қирол билан учрашув арафасида ўтказган матбуот анжуманида гапирган.

«Агар менда қирол билан тадбирдан алоҳида гаплашиш имкони бўлса эди, ундан «Кўҳинур» олмосини (Ҳиндистонга) қайтаришни сўраган бўлар эдим», — деган томирида ҳинд қони оқаётган Зоҳран Мамдани.

Буюк Британия қироли Карл III жорий йил 27-30 апрел кунлари давлат ташрифи билан АҚШда  меҳмон бўлди.

Зоҳран Мамдани инглиз монархи билан 11 сентябр теракти қурбонларини хотирлаш маросимида кўришган. У учрашувда қиролга «Кўҳинур» борасида гап очган ёки очмагани маълум эмас. Мамданининг матбуот хизмати ҳам, Букингем саройи  маъмурияти ҳам учрашув тафсилотларини очиқламаган.

«Кўҳинур»  (луғавий маъноси — «Нур тоғи») тарихдаги энг машҳур ва қўлма-қўл бўлган қимматбаҳо тошлардан биридир.

Олмос дастлаб Ҳиндистон ҳудудидаги Голконда султонлигидаги кондан олингани айтилади. Ўша вақтда унинг ҳажми 186 карат бўлган. Қимматбаҳо жавоҳир асрлар мобайнида турли сулолалар орасида талаш бўлган.

Эътиборга молик жиҳати, «Кўҳинур» бир неча аср мобайнида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган Бобурийлар давлати ихтиёрида бўлган.

Тарихдан маълумки, Бобурнинг ўғли Ҳумоюн Мирзо ҳинд рожасининг қизини қутқаргани учун ёш рожанинг онаси унга «Кўҳинур»ни ҳадя қилган.

Бобур ўз хотиралари — «Бобурнома» асарида ушбу олмосни эслаб, бир муқаййим (қиймат белгиловчи) унинг нархини бутун дунёнинг икки ярим кунлик сарф-харажатига тенг деб баҳолаганини ёзади.

«Кўҳинур» кейинроқ Эрон, Афғонистон ҳукмдорлари қўлига ўтади. XIX асрда Ҳиндистон аслзодаларига қайтган олмос 1849 йилда жазо битимига мувофиқ Британия империяси тасарруфига ўтади.

Кейинчалик қайта ишланган ва катталиги 105 каратга қисқарган «Кўҳинур» айни пайтда она қиролича номи билан танилган Елизаветанинг волидаси учун ясалган тожни безаб турибди. 1953 йилда она қиролича қизи Елизаветага тож кийдириш маросимида «Кўҳинур» қадалган тожни кийган.

«Кўҳинур» (ўнгда) инглиз тожини безаб турибди.
Фото: Tim Graham Photo Library

2023 йил 6 май куни қиролича Камиллага тож кийдириш маросимида Ҳиндистон билан дипломатик зиддият чиқмаслиги учун «кўҳинур»ли тож эмас, балки қиролича Мариянинг тожидан фойдаланилган.

Ҳиндистон Буюк Британиядан мустамлакачилик даври талончилик рамзи бўлган олмосни қайтаришни талаб қилиб келмоқда.

2013 йилда Буюк Британия собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон олмосни қайтариш оқилона иш эмаслигини айтган.

Эрон, Афғонистон, Покистон давлатлари ҳам олмосга эгалик даъво қилгани ва Лондондан уни қайтаришни талаб қилгани маълум.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг