Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич бекор қилиняптими?

«Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич бекор қилиняптими?

ССВнинг «Электрон рецепт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги идоравий буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Оқибатда мазкур ҳужжатнинг ижтимоий тармоқ фаоллари орасида муҳокамаси бошланиб кетди. Уларнинг иддаосича, ҳали бир йил ҳам (2025 йил 25 декабрдаги 25 сон буйруқ билан амалиётга татбиқ қилинган) тўлмаган «Электрон рецепт» тизими бекор қилинмоқда. Ваҳоланки, бу борада Ҳукуматнинг 2025 йил 8 сентябрда 570-сон қарори ҳам қабул қилинган.

Хўш, аслида масала қандай?

Аввало, мазкур ҳужжат лойиҳаси идоравий буйруқ бўлиб, бу вазирлик, қўмита ёки бошқа давлат идораси раҳбари томонидан чиқариладиган расмий ҳужжат ҳисобланади ва у шу идора тизимида амал қиладиган қоидалар, тартиблар ёки топшириқларни белгилайди. Яъни, ўзидан юқори турувчи орган ҳужжатларини бекор қила олмайди.

Бу мазкур ҳужжат лойиҳасида ҳам таъкидланади ва, ўз навбатида, буйруқ лойиҳаси мазмуни тушунтирилади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 15 декабрдаги 25-сон буйруғи (рўйхат рақами 3725) 1-банди ва мазкур буйруқ билан тасдиқланган «Электрон рецепт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби ўз кучини йўқотган деб топилади.

Қайд этилишича, ССВнинг 25-сон буйруғи билан «Электрон рецепт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби тасдиқланган эди. Мазкур тартиб ПФ-88 сон фармонга мувофиқ - тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилган Тошкент шаҳри ҳамда 15 та туман (шаҳар)лардаги тиббиёт ташкилотларида қўлланган.

Ҳозирги вақтга келиб, тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилган барча тиббиёт ташкилотларида «Электрон рецепт» тизими тўлиқ жорий этилган ҳамда 2025 йил 8 сентябрдаги 570-сон Ҳукумат қарори билан электрон рецепт асосида дори воситаларини тайинлашнинг ягона тартиби тасдиқланган. Шу муносабат билан, соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 15 декабрдаги 25-сон буйруғи ҳамда у билан тасдиқланган тартиб ўзининг амалий ва ҳуқуқий аҳамиятини йўқотди.

Шу билан бирга, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ўртасида мавжуд зиддият (коллизия)ларни бартараф этиш, ҳуқуқий бўшлиқни тугатиш ҳамда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш зарурати мавжуд.

Лойиҳанинг асосий мақсади — вазирликнинг 25-сон буйруғини Ҳукуматнинг 570-сон қарорига мувофиқлаштириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги зиддиятларни (коллизияларни) бартараф этиш ҳамда электрон рецепт тизимининг самарали ва узлуксиз фаолият кўрсатиши учун барқарор ҳуқуқий асос яратишдир.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси билан тизимдаги ҳуқуқий бўшлиқ тугатилиши ва электрон рецепт асосида дори воситаларини тайинлаш масалалари бўйича ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти таъминланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, тиббиёт ташкилотлари, дорихоналар ва фуқаролар ўртасида ҳуқуқий нормаларни турлича шарҳлаш ва талқин қилиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олди олинади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг