Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мирзиёев ва Бабиш музокаралари: Ўзбекистон–Чехия муносабатларида янги босқич

Мирзиёев ва Бабиш музокаралари: Ўзбекистон–Чехия муносабатларида янги босқич

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш ўртасида тор доирада ҳамда икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари ушбу ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини таъкидлади.

Томонлар барча соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги алоқалар мустаҳкамланиб, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашган. Парламентларда «Дўстлик гуруҳлари» ташкил этилгани, Ҳукуматлараро комиссия самарали ишлаётгани ҳам алоҳида таъкидланди.

Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробарга ошган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 37 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Янги кооперация йўналишлари бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Музокараларда ўзаро савдо ҳажмини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлашни маҳсулот турларини диверсификация қилиш орқали 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиалини ташкил этиш режаси маълум қилинди. Чехиялик ҳамкорлар билан «Евро-6» стандартидаги автомобилларни сертификатлаш ва квант эталони бўйича замонавий лаборатория қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Томонлар машинасозлик, «яшил» энергия, геология ва муҳим хомашё, кимё, фармацевтика каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни ўз ичига олган Технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Инфратузилмани ривожлантириш, «ақлли» шаҳарлар барпо этиш, муҳандислик ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон–Чехия бизнес форумида эълон қилинган лойиҳавий ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Шу билан бирга, Экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ва Чехия Экспорт банки томонидан Ўзбекистондаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш нияти юқори баҳоланди.

Иқтисодий ҳамкорликни тизимли ривожлантириш мақсадида Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ва Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил август ойида Тошкентда ўтказиш таклиф қилинди.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, таълим соҳасида қўшма диплом дастурлари ва академик алмашинувни кенгайтириш, маданият ва кино кунлари, кўргазма ва концертларни мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни қайта тиклаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади. Шунингдек, тартибли меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси» ишлаб чиқилишига келишиб олинди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг