Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Банкдаги «тузоқ»: Самарқанддаги фирибгарлик фош этилди

Банкдаги «тузоқ»: Самарқанддаги фирибгарлик фош этилди

Рақамли молия дунёсида хавфсизлик масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Самарқандда юз берган сўнгги воқеа ва қонунчиликдаги янги ўзгаришлар банк мижозлари учун ҳам огоҳлантириш, ҳам ҳимоя кафолатидир.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида банк тизимидаги хавфсизликка рахна солувчи жиноий ҳолат фош этилди. Банк мутахассиси Х.Т. фуқаро Ж.Ш.нинг ишончига кириб, унга 17 миллион сўм кредит чиқариб беришни ваъда қилади. Бироқ, амалда фуқаро номига 50 миллион сўм расмийлаштириб, унинг картасига тушган пулнинг 33 миллионини билдирмасдан нақдлаштириб олади.

Фуқарога эса гўёки банк фақат 17 миллион сўм ажратганидек ёлғон маълумот беради. Ўтказилган терговга қадар текширув натижасида ушбу маблағлар қайтарилиши таъминланди ва банк ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.

Ушбу воқеа фонида, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Марказий банки томонидан рўйхатдан ўтказилган янги тартиб барча банк мижозлари учун ҳақиқий «қалқон» бўлди.

Янги қоидага кўра, агар фуқаро номига фирибгарлик йўли билан онлайн кредит расмийлаштирилган бўлса:

Фуқаро терговчи ёки суд томонидан «жабрланувчи» деб тан олинган заҳоти, банк ушбу кредит бўйича асосий қарз ва фоизларни ундиришни тўхтатишга мажбур.

Зарарни эса айбдор тўлайди, яъни, банк ўз кўрган зарарини жабрланувчидан эмас, балки фирибгарликни содир этган шахсдан (юқоридаги ҳолатда бўлгани каби банк ходими ёки учинчи шахсдан) регресс тартибида ундириб олади.

Аммо тергов жараёнида фирибгарлик ҳолати тасдиқланмаса, банк тўловларни ундиришни давом эттириш ҳуқуқига эга.

Самарқанддаги воқеа банк ходимларининг ҳам доим «ишончли» эмаслигидан далолат беради. Янги қонунчилик эса бундай вазиятларда фуқароларнинг елкасидаги ноҳақ қарздорлик юкини олиб ташлайди.

Банк картангизга тушган маблағ миқдорини ҳар доим илова орқали мустақил равишда текшириб туринг. Кредит шартномасини имзолашдан олдин рақамларга диққат қилинг.

Агарда фирибгарлик қурбони бўлсангиз, зудлик билан ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиб, «жабрланувчи» мақомини олинг – бу сизни мажбурий кредит тўловларидан халос этади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг