Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қуролланиш учун энг кўп пул сарфлаётган уч давлат

Қуролланиш учун энг кўп пул сарфлаётган уч давлат

Craig Stephens чизган расм.

2025 йилда жаҳон давлатлари қурол-аслаҳа учун 2 триллион 887 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфлади. Бу 2024 йилга нисбатан 2,9 фоиз кўпдир.

Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоботига кўра, АҚШ, Хитой ва Россия ҳарбий харажатлар борасида пешқадам бўлиб турибди. Жаҳон бўйича жами харажатларнинг 51 фоизи (1 триллион 480 миллиард доллар) мазкур уч давлат ҳиссасига тўғри келади.

«2025 йилда глобал миқёсда ҳарбий харажатлар ўсди. Чунки давлатлар уруш, мавҳумлик ва геосиёсий миқёсдаги ларзаларга қуролланишни кучайтириш орқали жавоб бермоқда. Инқирозлар кўлами ва кўплаб давлатларнинг мақсад-мўлжаллари инобатга олинса, 2026 йилда ва ундан кейин ҳам ҳарбий харажатлар ўсиб боради», – дейди Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти илмий ходими Сяо Лян.

Ўтган йили АҚШ қурол-яроғ учун 954 миллиард доллар сарфлаган. Бу 2024 йилга нисбатан 7,5 фоиз кам кўрсаткич. Бу ҳолат Қўшма Штатлар ўтган йили Украинага ҳеч қандай ҳарбий кўмак кўрсатмагани билан изоҳланади. Аммо Вашингтон Ғарбий яримшарда устунликни сақлаш ва Ҳинд-Тинч океани минтақасида Хитойни жиловлаш учун ядро ва бошқа қуролларга сармояни кўпайтирган.

2026 йилда АҚШ қурол-аслаҳа учун 1 триллион, 2027 йилда эса 1,5 триллион доллар сарфлаши кутилмоқда.

Ўтган йили Европада ҳам мудофаа жабҳасида кескин ўсиш кузатилди: Европа давлатлари ҳарбий харажатларни 864 миллиард долларга етказди.

Ўзаро урушаётган икки давлат – Россия ва Украина 190 миллиард ва 84,1 миллиард доллардан сарфлаган.

Қуролли зиддият ва минтақавий рақобатга қарамай, Яқин Шарқдаги ҳарбий харажатлар нисбатан барқарор ҳолда. Минтақа давлатлари мазкур мақсадда 218 миллиард доллар харжлади. Жумладан, қурол-аслаҳа учун Исроил 48,3 миллиард, Туркия 30 миллиард, Эрон эса 7,4 миллиард доллар сарфлади.

Осиё ва Океанияда ҳарбий харажатларнинг кескин ўсиши қайд этилди. Жумладан, Хитой бу борадаги бюджетини 7,4 фоизга оширди ва 336 миллиард долларга етказди.

Япония 1958 йилдан буён илк бор ЯИМнинг 1,4 фоизи миқдоридаги маблағни (62,2 миллиард доллар) ҳарбий жабҳага йўналтирди.

Сўнгги йилларда ҳарбий харажатларнинг муттасил ўсиши қайд этилмоқда

Аввалроқ экспертлар АҚШ ва Россия ўртасида имзоланган Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш ва қисқартириш тўғрисидаги шартнома муддати якунланиши ортидан «cовуқ уруш» давридан кейин илк бор ядро қуроли бўйича чегарасиз пойга авж олишидан огоҳлантирганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг