Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманганда Ҳиндистоннинг йирик тиббиёт компанияси билан 50 млн долларлик келишув имзоланди

Наманганда Ҳиндистоннинг йирик тиббиёт компанияси билан 50 млн долларлик келишув имзоланди

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Ҳиндистоннинг «Krsnaa Diagnostics Ltd» компанияси ўртасида 50 млн АҚШ долларлик ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Мазкур ҳужжат Наманган вилоятида тиббиёт соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва замонавий диагностика хизматларини жорий этишни назарда тутади.

Учрашувда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов хорижий делегацияни қабул қилди ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Суҳбат конструктив ва амалий руҳда ўтгани таъкидланди.

«Krsnaa Diagnostics Ltd» фармацевтика ва диагностика соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга йирик компания ҳисобланади. Компания Ҳиндистоннинг 150 дан ортиқ туманларида 2000 дан зиёд диагностика марказлари ва лабораториялар тармоғини шакллантирган. Шунингдек, унинг ихтиёрида 150 дан ортиқ компьютер томография ускуналари, 100 дан ортиқ МРТ аппаратлари ҳамда 1800 дан зиёд рентген марказлари мавжуд.

Компания вакиллари аввалроқ Наманган вилоятидаги тиббиёт муассасалари билан танишиб, мавжуд шароитларни ўргангани маълум қилинди.

Имзоланган меморандум 2026–2028 йиллар давомида амалга ошириладиган лойиҳаларни қамраб олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг