«Супер ота» 267 нафар болани вояга етказди (фото)
Хитойда мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси 267 нафар асранди болани вояга етказиб, тилларга тушди. South China Morning Post нашри ёзишича, 52 ёшли бу фидойи инсон «супер ота» лақабига сазовор бўлган.
Бай Цзян қишлоқдаги камбағал оилада туғилган. У фақат спортдаги ютуқлари туфайли коллежга ўқишга киришга муваффақ бўлган. Ўқишни тамомлаб, 1995 йилда ўрта мактабда иш бошлаган кезларида дарсларни тез-тез қолдирадиган ва бошқа болаларнинг овқатини ўғирлайдиган болага кўзи тушади. Цзян болани ота-онаси ташлаб кетганини билгач, уни ўз қарамоғига олади.
Кейинчалик у бошқа етимларни ёки қаровсиз қолган болаларни ҳам асраб ола бошлайди. Маблағ етказиш учун қарз олар, бўш вақтларида қўшимча ишларда ишларди. Ўзининг вақти бўлмаган пайтларда эса онаси ва синглисидан болаларга қараб туришни илтимос қиларди.
Шахсий тажрибасидан келиб чиқиб, Бай Цзян барча фарзандлари спортга катта вақт ажратиши шарт деб қарор қилди. У ҳар куни саҳар соат 4:30 да болаларни югуриш учун уйғотади. Тарбияланувчиларнинг ҳар бири кунига 12 км масофагача югуради.
Бай Цзяннинг уйида доимий равишда 30 нафаргача бола истиқомат қилади. У 46 ёшида турмуш қурган, 2020 йилда ўз фарзанди дунёга келди. Бунгача қарамоғидаги болалар жуда кўплиги учун ҳеч бир аёл унга турмушга чиқишни истамаган.
Цзяннинг тарбияланувчилари улғайиб, профессионал спортчилар, давлат хизматчилари ва ўқитувчилар бўлиб етишишди. У асраб олган болаларнинг 100 дан ортиғи олий маълумот олди, 50 нафари эса спорт устаси деган номга сазовор бўлди. Супер ота фарзандлари 20 йил давомида мусобақаларда қўлга киритган 1300 дан зиёд медалларни кўз қорачиғидек асраб келмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter