Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳийла

Ҳийла

Бир йили қош қорая бошлаганида водийга қараб йўлга отландим. Бир ўзим. Шерик чиқмади. Қўқонлик ҳайдовчи йигит зарур иш билан Тошкентга келиб, учрашадиган одамига учраб, тўхтамай изига қайтаётган экан. Суҳбатлашиб кетдик. Довондан ўтгач, бир жойда енгил тамадди қилиб олдик. Йўл-йўлакай гаплашмаган гапимиз қолмади ҳисоб. Йўлга чиқаётганимизда: «Ака, олдинга ўтиринг, гаплашиб кетамиз, чарчаганман, кўзим илиниб қолмасин», деган эди, аввалига эътибор қилмабман, қарасам... аста мудраяпти. Ҳай-ҳай, дедим-да, қизиқ-қизиқ воқеалар тафсилотини бир-бирига улай бошладим. Қаерда сув кўринса, машинани тўхтатиб, ичамиз, юз-қўлимизни ювамиз.

Ярим кечада Қўқонга етгунимизча юракни ҳовучлаб бордим. Буниси майли, аммо йўлда энг қизиқ гапни мен эмас... ҳайдовчи йигит айтди. Ундан эшитган бир воқеани ҳали-ҳануз эслаб юраман...

Бир подшо бўлган экан. Подшо бўлгандан кейин, ёнида вазири аъзам, вазирлар ҳам бўлади-да. Аммо бу подшонинг бошқа подшолардан фарқи – улуғ ёшдаги устози бўлиб, ҳар куни тонгда – бомдод намозидан кейин саройга келиб, подшога битта маслаҳат бериб кетар экан. Подшо устозининг маслаҳатларига ҳамиша амал қилар, шу боис, юртда тўкинчилик, тинчлик-хотиржамлик бўлиб, ҳар куни устозига бир кун аввалги маслаҳати учун хазинадан мукофот олишга қоғоз ёзиб берар экан.

Алқисса, вазирларнинг бунга ғайирлиги келиб, подшо ва унинг устози ўртасини бузишга қасд қилишибди. Бош вазир бир куни подшога: «Олампаноҳ, бир гапни сизга айтмасам бўлмайди. Устозингизни кўпдан-кўп ҳурмат қиласиз, маслаҳатларига қулоқ тутасиз, ҳар айтган гапига мукофот берасиз, аммо у саройдан чиқар экан, сиз ҳақингизда бўлмағур гапларни айтади», дебди.

Подшо ундан: «Хўш, қандай бўлмағур гаплар экан?» деб сўрабди. Вазир овозини пастлатиб: «Подшонинг оғзидан қўланса ҳид келади. Мен унинг олдига кирганимда, кўнглим айнийди, шу боис, чопонимнинг енги билан оғзимни ёпиб гапираман, аммо у бунга парво қилмайди, дейди», дебди.

Подшоҳнинг жаҳли чиқиб, бундай иғво гапга ишонмай, бош вазирдан хафа бўлибди. У бўлса бамайлихотир: «Устозингиз эртага тонгда келганида ўзингиз бунга гувоҳ бўласиз», деб сўзида туриб олибди.

Эртаси куни тонгда устоз, одатдагидек, саройга келибди. Подшоҳ диққат билан қараса, устози тўнининг енги билан оғзини ёпиб гапираётган эмиш. Бош вазир тўғри айтган экан-да, деб жаҳл отига минибди. Кечаги маслаҳати учун хазинадан мукофот олишга қоғоз ёзиб берибди. Устоз мукофотни олиш учун хазинабоннинг ҳузурига кетаётган экан, йўлда фитнакор вазирлар уни кўриб, ҳайрон бўлишибди.

Вазири аъзам, ҳийлам ўтмабди-да, дебди-ю, устозга: «Ҳар куни подшодан мукофот оласиз, бирор марта бўлсин, бизга узатмайсиз, ҳеч бўлмаса, бугунгисини беринг», деб ялтоқлик қилибди.

Устоз мукофот олинадиган қоғозни унга узатибди. Вазиру аъзам уни хазинабонга берган экан, у қоғоздаги ёзувни ўқибди-да, қоровулларга ишора қилибди, улар вазиру аъзамни ушлаб, бир зумда бошини танасидан жудо қилишибди...

Ҳайдовчининг ҳикояси шу ерга етганида Қўқонга кириб келдик. Мен вазиру аъзам нега ўлдирилганига қизиқиб қолдим ва ҳикоянинг давомини диққат билан эшитдим.

Вазиру аъзам подшонинг олдидан чиққач, ўзича жиноий режа тузибди. Унга кўра, эртасига эрталаб, устоз саройга келадиган йўлдаги хонадонлардан бирида қозонга ёғ солиб, эски саримсоқни қовуриб туришади. Устозни кўришгач, бир-икки мулозим унга: «Устоз, шу хонадонда фотиҳа қилинадиган маросим бор, кириб ўтмасангиз бўлмайди, вазиру аъзам ҳам шу ердалар, ўтиб кетсангиз хафа бўладилар», дейишади.

Худди шундай бўлибди. Устоз ичкарига кириб, дастурхонга ўтирибди. Фотиҳа ўқилгач, таом келтирилибди. Гап нимадалигини англаган аллома «Хайрут таоми мо ҳазар, гуфтан набий хайрул башар» (Улуғ алломалар: «Олдингга нима таом қўйилса, ундан тотиб кўр»), дебди-да, таомдан бир чимдим оғзига солибди. Шу сабабли подшонинг олдига кирганида, оғзимдан саримсоқнинг ҳиди келиб қолмасин деб ийманиб гапирган экан...

Эртаси куни устоз яна саройга келиб, подшога насиҳат берибди. Подшо: «Мени кечиринг, устозим, бир кун аввал «Кимдир фисқ-фасод гапларни гапирса, унинг рост ёки бўҳтонлигини аниқламагунча бир қарорга келманг», дегандингиз. Шунча йил насиҳатларингизга амал қилдим. Аммо бир марта амал қилмай, ўша куни «Бу бадкирдорнинг боши тезда танасидан жудо қилинсин», деб ёзиб бергандим», деган экан...

Бу насиҳат тез-тез ёдимга тушиб туради.

Аҳмаджон Мелибоев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг