Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эроннинг энг кучли қуроли бир ҳафта ичида тартибсизлик келтириб чиқариши мумкин

Британия оммавий ахборот воситалари Эронда ракеталар ва дронлардан ҳам самаралироқ стратегик восита борлигини ёзди. Хабарларга кўра, Эрон бу воситани қурол сифатида ишлатиши ва Форс кўрфази давлатларини бир ҳафта ичида тартибсизликка олиб келиши мумкин. Таъкидланишича, бу омил узоқ давом этадиган урушда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қаратилган ҳужумларидан сўнг, Эрон кўрфаздаги қўшни давлатларда жойлашган АҚШ базалари ва элчихоналарини ракета ва учувчисиз ҳаво аппаратлари билан нишонга олди.

Британиянинг етакчи нашрлари АҚШ активлари туфайли қўшниларига ҳужум қилаётган Эрон қўлида ракеталар ва дронлардан ҳам кучлироқ қурол борлигини таъкидлади.

Нефт ва газ инфратузилмасидан ҳам муҳимроқ нишонга айланиши мумкин бўлган бу “қурол”, айниқса Саудия Арабистони бошчилигидаги Арабистон яримороли давлатларини бир ҳафта ичида издан чиқариши мумкин.

Форс кўрфази давлатларида сув таъминоти инфратузилмаси — жиддий стратегик заифлик. Юқори ҳарорат ва кам ёғингарчилик ҳукмрон минтақада бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.

Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши (КҲК) аъзолари — Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Баҳрайн, Қатар ва Ўмонда ичимлик сувининг катта қисми туздан тозалаш иншоотлари орқали таъминланади.

Эрон қўшни мамлакатларга ҳужум қилса нима бўлади?

Эрон ракета, дрон ёки киберҳужумлар орқали ушбу иншоотларни нишонга олиш имкониятига эга.

Хабарларга кўра, Кўрфаз давлатларида захира қилинган сув фақат 7-14 кун давомида етарли бўлиши мумкин. Камчиликни ташқи манбалардан қоплаш мумкин, аммо бу глобал логистикага оғирлик туширади ва миллиардлаб долларлик харажатларга олиб келади.

Туздан тозалаш иншоотлари катта энергия талаб қилади ва кўп ҳолларда нефт ва газ инфратузилмаси билан боғлиқ. Шу сабабли энергия объектларига ҳужумлар ҳам сув инқирозини келтириб чиқариши мумкин.

Форс кўрфазида узоқ давом этадиган эҳтимолий урушда нефт эмас, балки сув ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин.

Эрон сув эҳтиёжининг катта қисмини дарёлар, сув омборлари ва ерости манбалари орқали қоплаши қайд этилган бўлса ҳам бу мамлакатларда сув танқислиги узоқ йиллардан бери аҳолини қийнаб келади. Бу ҳолат Теҳронга қисман стратегик устунлик беради.

Кўрфаз давлатларининг туздан тозалашга боғлиқлиги

Таҳлилчиларнинг фикрича, Кўрфаз давлатлари сув таъминотида туздан тозалаш иншоотларига юқори даражада боғлиқ.

Саудия Арабистони ичимлик сувининг тахминан 70 фоизини шу усул орқали таъминлайди, айрим шаҳарларда бу кўрсаткич 90 фоизга яқин.

Бирлашган Араб Амирликлари эҳтиёжининг тахминан 42 фоизини шу иншоотлар орқали қоплайди. Кувайтда бу кўрсаткич 90 фоиз атрофида. Баҳрайнда тахминан 60 фоизга боғлиқ, шаҳар ҳудудларида бу кўрсаткич 95 фоизгача етади. Қатар 75-90 фоиз оралиғида шу манбаларга таянади.

Ўмон эса эҳтиёжининг тахминан 86 фоизини туздан тозалаш орқали қоплайди.

Ҳудудда 400 дан ортиқ иншоот мавжуд бўлиб, жаҳонда ишлаб чиқарилаётган туздан тозаланган сувнинг тахминан 40 фоизи айнан шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг