Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саида Мирзиёева Ургутнинг чекка ҳудудидаги поликлиникани бориб кўрди

Саида Мирзиёева Ургутнинг чекка ҳудудидаги поликлиникани бориб кўрди

Фото: Саида Мирзиёева

Ургут туманининг «Баҳрин» маҳалласида жойлашган 21-сонли «Навоий» оилавий поликлиникаси капитал реконструкциядан сўнг мутлақо янги қиёфа касб этди. 

Ўзбекистон Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида мазкур тиббиёт масканида амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун яратилган шароитлар билан танишди. 

Лойиҳа доирасида поликлиниканинг мавжуд биноси тўлиқ янгиланиб, унга қўшимча бино ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган 20 ўринли янги туғруқ бўлими қад ростлади. 

Мазкур янгиланишлар ҳудуддаги 13 мингдан зиёд аҳолининг тиббий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга қаратилган. Ҳозирда янги биноларни замонавий тиббий жиҳозлар ва қўшимча зарур анжомлар билан тўлиқ таъминлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. 

Ушбу масканнинг фойдаланишга топширилиши нафақат «Баҳрин», балки унга туташ маҳаллалар аҳолиси учун ҳам сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлиш имкониятини кенгайтирди.

«Баҳрин»да  истиқомат қилувчи Жавлон Хайдаровнинг хонадони томорқадан унумли фойдаланиш ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда намуна бўлиб келмоқда. 

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ушбу хонадон фаолияти билан яқиндан танишиб, ердан оқилона фойдаланиш борасидаги намунали тажрибани кўздан кечирди. 

0,38 гектар майдонга эга бўлган ушбу томорқада чорвачилик ва паррандачилик тармоқлари тизимли ташкил этилиб, бугунги кунда 15 та қорамол, 21 та қўй ва 2 500 та товуқ парваришланмоқда. Шунингдек, бир йилда 2-3 маротаба ҳосил олиш йўлга қўйилган бўлиб, томорқада 7 турдаги полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Мазкур серқирра фаолият натижасида хонадон эгалари йилига 300-350 миллион сўм миқдорида барқарор даромад олишга муваффақ бўлмоқдалар. Муҳими, ушбу кичик хўжалик нафақат оиланинг иқтисодий фаровонлигини таъминламоқда, балки 4 нафар фуқаронинг иш билан бандлигини ҳам ташкил этган.

Ташриф давомида Жавлон Хайдаровнинг меҳнатсеварлиги ва ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш борасидаги ёндашуви аҳоли фаровонлигини оширишда ўзига хос тажриба мактаби эканлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг