Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Триллионлар ундирилди, лекин камчиликлар кўп: Коррупцияга қарши курашдаги оқсашлар танқид қилинди

Триллионлар ундирилди, лекин камчиликлар кўп: Коррупцияга қарши курашдаги оқсашлар танқид қилинди

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ўзбекистон президенти 2025 йил 26 декабр куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилиб, 2026 йил коррупцияга қарши курашда «фавқулодда ҳолат» йили сифатида белгиланишини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигида ўтган танқидий таҳлилий йиғилишда комплаенс назорати тизимининг бугунги ҳолати ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.

2030 йилгача бўлган устувор йўналишлардан бири сифатида коррупция оқибатлари билан курашишдан кўра, унинг омилларини барвақт аниқлаш ва превентив механизмлар орқали тизимли коррупциянинг олдини олиш зарурлиги қайд этилди, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, янги комплаенс назорати тизими ёрдамида жиноят ишлари доирасида 4,2 трлн сўм, яширин иқтисодиётни жиловлаш ҳисобига эса 8,5 трлн сўм маблағ ундирилиши таъминланган. Шунингдек, 1,3 трлн сўмлик ортиқча бюджет харажатларининг олди олинган.

Шу билан бирга, айрим бўлинмалар фаолиятида ҳанузгача ижобий ўзгаришлар кузатилмаётгани кескин танқид қилинди ва йўл қўйилаётган камчиликлар очиқ муҳокама қилинди.

Биринчидан, комплаенс бўлинмаларининг асосий вазифаси коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тизимли превентив чораларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўлса-да, аксарият давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фаолияти талаб даражасида иш ташкил этилмаган.

Шунингдек, айрим давлат органларида комплаенс бўлинмалари қонунчиликда белгиланган минимал мезонлар асосида ташкил этилмаган. Ўрганилган 50 та ташкилотнинг 23 тасида бу талаблар бажарилмаган.

Иккинчидан, айрим вазирлик ва ҳокимликларда назорат тадбирлари умуман ўтказилмаган. Баъзи ташкилотларда ўтказилган текширувларда эса молиявий қонунбузилишлар умуман аниқланмаган, бу эса назорат самарадорлигига шубҳа уйғотади.

Учинчидан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ишлар етарлича самара бермаяпти. Хусусан, жорий йилнинг ўзида манфаатлар тўқнашуви йўл қўйганлик бўйича 105 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган.

Тўртинчидан, айрим давлат органлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар расмий веб-сайтларда ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилмаяпти.

Бешинчидан, комплаенс тизимида кадр ва ташкилий муаммолар сақланиб қолмоқда, айрим лавозимлар узоқ вақт вакант ҳолатда қолмоқда.

Олтинчидан, давлат харидлари соҳасида коррупция хавфининг юқорилиги сақланиб қолмоқда. Сўнгги йилларда 800 нафардан ортиқ шахс ушбу йўналишда жиноий жавобгарликка тортилган.

Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий масъулиятини ошириш ҳамда тизимни натижадор механизмга айлантириш бўйича қатъий вазифаларни белгилаб берди. Бундан буён комплаенс бўлинмалари фаолияти коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва превентив чораларни самарали амалга ошириш даражасига қараб баҳоланади. Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг