Қатиқ ичинг — қаримайсиз!
Қатиқ — оддий ичимлик эмас, балки замонавий нутрициологияда “функционал озуқа” сифатида эътироф этилган маҳсулотдир. Унинг таркибидаги тирик бактериялар, оқсиллар ва минераллар инсон организмига комплекс таъсир кўрсатади. Халқаро илмий тадқиқотларда ҳам қатиқнинг бир қатор соғломлаштирувчи хусусиятларини тасдиқланган.
Келинг яхшиси, қатиқнинг 10 та илмий асосланган фойдали хусусиятлари ҳақида гаплашамиз:
1. Ичак микрофлорасини мувозанатга келтиради
Қатиқдаги пробиотиклар (Lactobacillus ва Bifidobacterium) ичакдаги фойдали бактерияларни кўпайтириб, патоген микроорганизмларнинг ўсишини чеклайди. Бу ҳазм тизимининг барқарор ишлашини таъминлайди.
2. Иммун тизимини кучайтиради
Пробиотиклар орқали қатиқ организмнинг инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини оширади.
3. Оқсил ва аминокислоталар манбаи
Қатиқ юқори биологик қийматга эга оқсилларни ўз ичига олади. У инсон организми учун зарур бўлган алмаштириб бўлмайдиган аминокислоталарни таъминлайди.
4. Организмингизни фойдали витаминлар билан бойитади
Унда В гуруҳи витаминлари (В2, В5, В12), А витамини ва биотин мавжуд бўлиб, улар асаб тизими, тери саломатлиги ва энергия алмашинуви учун жуда муҳим.
5. Минераллар балансига ёрдам беради
Қатиқ кальций, фосфор, магний, калий ва рух каби минералларга бой. Бу суяк ва тишларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
6. Суяк тўқимасини мустаҳкамлайди
Кальций ва фосфорнинг яхши ўзлаштирилиши остеопорознинг олдини олишга ёрдам беради, айниқса катта ёшдагилар учун бу жуда муҳим.
7. Юрак-қон томир тизимини қўллаб-қувватлайди
Айрим клиник тадқиқотлар қатиқни мунтазам истеъмол қилиш қондаги LDL (“ёмон холестерин”) миқдорини пасайтиришга ёрдам беришини кўрсатган.
8. Ҳазм тизимини яхшилайди
Қатиқ ферментлари овқатнинг парчаланишини енгиллаштиради, қорин дам бўлиши ва газ йиғилишини камайтиради.
9. Табиий тинчлантирувчи таъсирга эга
Қатиқ таркибидаги баъзи биофаол моддалар асаб тизимига енгил тинчлантирувчи таъсир кўрсатиши ҳақида ҳали кўпчилик билмайди. У уйқу сифатига ҳам ижобий таъсир қилади.
10. Айрим онкологик касалликлар хавфини камайтиришга ёрдам беради
Ичак микрофлорасининг барқарорлиги ва антиоксидант таъсири орқали қатиқ ичакдаги яллиғланиш жараёнларини камайтиришга ёрдам бериши мумкин. Бу эса узоқ муддатли профилактик таъсир сифатида қаралади.
Катта ёшли кишилар кунига 200–400 мл (1 стакандан 2 стакангача) қатиқ истеъмол қилиб юришса ҳамиша ёш ва навқирон кўринадилар.
Аммо ёдингизда тутинг, асалнинг ҳам ози ширин, қатиқ фойдали маҳсулот бўлсада, лактозага сезгирлик, ошқозон касалликлари ёки махсус парҳезларда уни истеъмол қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter