Тадбиркорлар киберхавфсизлик бўйича билимларини оширмоқда – O'zLiDeP
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида тадбиркорларни рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ўтказилди. Лойиҳанинг асосий мақсади тадбиркорларнинг киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.

Лойиҳа давомида мутахассислар фишинг, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сохта овоз ва видеолар орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳақида тушунчалар бериб, бундай хавфларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар билан ўртоқлашди.

Қатнашчилар ахборотларни ишончли ҳимоя қилиш, рақамли маданиятни юксалтириш ва замонавий технологиялардан хавфсиз фойдаланиш бўйича фикр алмашдилар. Бу каби учрашувлар тадбиркорларнинг рақамли саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, лойиҳада давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайтириш, киберхавфсизлик бўйича доимий ўқувлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Тадбир якунида бир гуруҳ тадбиркорлар O'zLiDeP аъзолигига қабул қилинди.

Бугун рақамли иқтисодиёт шароитида бизнесни ривожлантириш учун нафақат янги технологиялардан фойдаланиш, балки улардан хавфсиз фойдаланиш ҳам муҳимдир. Киберхавфсизлик маданиятини юксалтириш тадбиркорликни барқарор ривожлантириш ва рақамли иқтисодиёт имкониятларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Рақамли таҳлил
- 2025 йилда 107,9 миллиондан ортиқ кибертаҳдид Ягона киберхавфсизлик узели орқали аниқланиб, бартараф этилди.
- Давлат ташкилотларининг 90 та веб-ресурсига нисбатан 67 миллиондан ортиқ киберҳужум амалга оширилди. Бу 2024 йилга нисбатан 430 фоизга кўп. Барча ҳужумлар автоматик тарзда блокланган.
- Кибертаҳдидларни эрта аниқлаш тизими орқали 2 миллиондан ортиқ (2 002 904 та) кибертаҳдид қайд этилган бўлиб, уларнинг 30 фоизи критик даражада баҳоланган.
- 2025 йилда 194 та ахборот тизими киберхавфсизлик экспертизасидан ўтказилди. Бу ўтган йилга нисбатан 59 фоизга ўсиш демакдир.
- Экспертиза давомида 1515 та киберхавфсизлик заифлиги аниқланди. Улар орасида энг кўп учраганлари авторизациянинг йўқлиги, сессияларнинг нотўғри бошқарилиши ва маълумотларнинг ҳимоясиз узатилиши ҳисобланади.
- Қўшимча текширувлар натижасида 23 миллиондан ортиқ фуқарога оид шахсий маълумотларнинг сизиб чиқиши олди олинди.
- 20 мингдан ортиқ видеокузатув камераларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бартараф этилди.
- Давлат органларининг 186 та расмий веб-ресурси экспертизадан ўтказилди. Натижада веб-сайтлардаги заифликлар сони 43 фоизга камайди.
- Миллий интернет сегменти мониторинги давомида 346 та веб-сайтда 441 та заифлик аниқланди. Шунингдек, 37 та ташкилотга тегишли 21 миллион сатр маълумотлар базаси ва 1697 нафар фойдаланувчининг логин-пароли Даркнетга чиқиб кетгани аниқланиб, зудлик билан чоралар кўрилди.
- 40 та мобил илова киберхавфсизлик экспертизасидан ўтказилди. Бу 2024 йилга нисбатан 122 фоизлик ўсиш ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter