Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн олишга қизиқманг!

Ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн олишга қизиқманг!

Ижтимоий тармоқларда “автомактабга бормасдан, масофадан туриб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бераман”, мазмунидаги эълонлар тобора кўпайиб бормоқда. ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти бундай таклифлар ортида аччиқ ҳақиқат — фирибгарлик ётганини таъкидлаб, фуқароларни огоҳликка чақирмоқда.

​Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш — бу шунчаки қоғоз ёки пластик карта эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар мажмуидир. Бироқ, тезкорликка интилувчилар ёки ўқишни истамаган фуқароларни нишонга олаётган фирибгарлар “база орқали ҳал қилиб бериш”, “ўқимасдан имтиҳондан ўтказиш” каби ваъдалар билан одамларни алдашда давом этмоқда.

​Мутахассисларнинг қайд этишича, амалдаги қонунчиликка кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини масофадан туриб, яъни, автомактабга бормасдан ёки амалий дарсларда қатнашмасдан олишнинг мутлақо иложи йўқ.

​Фирибгарларнинг тузоғига тушиш нафақат моддий йўқотишларга, балки янада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, хизмат ҳақини олдиндан ўтказганингиздан сўнг, фирибгарлар алоқани узишади ва пулларни ўзлаштириб олишади.

Паспорт маълумотларингиз, телефон рақамингиз ва суратларингиз ноқонуний мақсадларда ёки бошқа жиноий схемаларда ишлатилиши мумкин.

Ишончсиз ҳаволалар (фишинг) орқали ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингиз ва банк карталарингиз устидан назорат йўқолиши ҳеч гап эмас.

​Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритишнинг қонуний йўли бу аккредитациядан ўтган автомактабларда таълим олиш, назарий билимларни ўзлаштириш ва мажбурий амалий ҳайдовчилик дарсларида иштирок этишдир.

​Унутманг, амалий ҳайдовчилик дарслари фақат офлайн тартибда ўтказилади. ​Ҳеч қандай “таниш-билиш” ёки “база” орқали имтиҳондан ўтиш тизими мавжуд эмас.

Агар сиз интернетда права олиб бериш ҳақида эълон кўрсангиз ёки шунга ўхшаш таклифларга дуч келсангиз, дарҳол расмий органларга хабар беринг. Фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун фақат расмий давлат манбаларига ишонинг.

Агар сиз фирибгарларнинг ҳаракатларига дуч келган бўлсангиз ёки шубҳали таклифларни аниқлаган бўлсангиз, дарҳол ИИВнинг 102 рақамига ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг. Унутманг, огоҳлигингиз — хавфсизлигингиз калитидир!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг