Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кибержиноятларга қарши янги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Кибержиноятларга қарши янги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитда содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Қонун лойиҳасига кўра, банклар, тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари киберхавфсизлик талабларига риоя этмагани ёки шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олмагани оқибатида фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплаб бериши белгиланмоқда.

Шунингдек, масофавий давлат хизматлари тизимидаги шахсий аккаунтлар ёки SIM-карта идентификация модулларини ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга бериш, шунингдек, бошқа шахснинг аккаунти ёки абонент рақамидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида рақамли далиллар билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари ҳам кенгайтирилмоқда. Унга кўра, ахборот технологиялари орқали содир этилган жиноятлар бўйича иш учун аҳамиятли бўлган электрон маълумотлар ва бошқа далилларни белгиланган тартибда олиб қўйиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва криптоактивлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш процессуал мажбурлов чораси сифатида жорий этилади. Бу ноқонуний ўзлаштирилган маблағларни бошқа шахсларга ўтказилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Депутатлар таъкидлашича, мазкур қонун кибержиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва мол-мулкини ҳимоя қилиш ҳамда тўлов инфратузилмасининг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг