Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Мен футболни севаман, сиз-чи?!

Мен футболни севаман, сиз-чи?!

Футбол гоҳида фақатгина ғалабалари билан эмас, мағлубияти билан ҳам тарих яратади. 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирок этиши ана шундай унутилмас воқеалардан бири бўлди. Ҳа, ҳисоблар кўнгилдагидек бўлмаяпти. Аммо, йигитларимиз мамлакат футболини янги босқичга олиб чиққан, миллионлаб юртдошларга ғурур ва ишонч бағишлаган авлод сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.

***

Футбол бир қарашда оддий тўп ўйинидек кўринади. Болалигидан бу тўп ишқига тушганлар қанча? Санаб бўлмайди. Чунки, бу футбол майдонидаги 22 нафар ўйинчидан анча катта тушунча. У миллионлаб юракларни бир вақтнинг ўзида қувонтиради, йиғлатади, умид бағишлайди ҳамда синовдан ўтказади. Баъзан бир ғалаба бутун мамлакатни қувончга тўлдирса, баъзан бир мағлубият миллионлаб юракларни эзиб қўяди.

2026 йил. Ўзбекистон футболи тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган йил бўлди. Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирок этаётгани, айтиш жоизки, ўз-ўзидан улкан тарихий ютуқ. Мустақилликдан кейинги 34 йил давомида орзу қилинган, неча авлод футболчилари интилиб етолмаган марра забт этилди. Шунинг ўзиёқ ғалаба бўлди, шунинг ўзиёқ миллионлаб ўзбекистонликлар учун байрам бўлди. Шу даражага етиб келгунча, қанча меҳнат, қанча машаққат, қанча умид ва қанча кўз ёши тўкилганини фақат шу йўлдан ўтганлар билади. Шунинг учун ҳам АҚШ стадионларида “Ўзбекистон!” деган чақириқлар янграши, байроғимизнинг дунё аренасида ҳилпираши ҳар бир ватандош учун улкан бахт бўлди.

Ўзбекистонлик футболчилар бу йўлда осон юришмаганини ҳаммамиз ҳис қилиб турибмиз. Саралаш баҳсларида улар бор кучини, бор маҳоратини ишга солишди. Ҳар бир ўйинда юрт шаъни учун курашишди. Натижада дунё футболининг энг нуфузли мусобақаси эшиклари Ўзбекистон учун очилди.

Биринчи учрашувда рақиб Колумбия эди. Жаҳон футболида ўз ўрнига эга кучли жамоа. Шунда ҳам ўзбекистонлик футболчилар майдонга қўрқмай отилишди. Курашишди. Ҳаракат қилишди. Тер тўкишди. Учрашув 3:1 ҳисобида рақиб фойдасига ҳал бўлди. Мағлубият оғир кечгани бор гап.  Аммо, айнан, шу ўйинда - шу ўйин трибуналарида бутун дунё футболнинг энг гўзал жиҳатларидан бири инсонпарварлик ва дўстликка ҳам гувоҳ бўлди.

Ўйиндан кейин Исфандиёр исмли ўзбекистонлик кичик мухлиснинг кўз ёшлари миллионлаб одамларнинг юрагини ларзага солди. Эсласангиз, шу онда колумбиялик мухлислар унга тасалли беришди, бағрига босишди. “Ўзбекистон! Ўзбекистон” деган ҳайқириқлар билан бутун стадионни тўлдиришди. Бу лаҳзада футбол натижалардан ҳам устун тура олишини кўрсатди. Турли тиллар, турли миллатлар, турли қитъалардан келган инсонларни бирлаштира олган ана шу манзара футболнинг ҳақиқий қудратини ўзида акс эттира олди.

Кейинги синов янада оғирроқ кечди. Ўзбекистон терма жамоаси Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалияга қарши майдонга тушди. АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги стадионда бўлиб ўтган баҳс 5:0 билан якунланди.

Ҳа, рақамларга қаралса,  бу йирик мағлубият. Бироқ, футболни тушунадиганлар яхши билади: гоҳида ҳисоб таблоси ҳам ҳамма ҳақиқатни акс эттиравермайди.

Ўзбекистонлик футболчилар охирги дақиқаларгача курашди. Ҳужум қилди. Имкониятлар яратди. Азизнинг дарвоза тўрига йўллаган зарбаси рақиб футболчисига нисбатан ишлатган кичик қоидабузарлигимиз сабабли ҳисобга олинмади. Лекин, шу вазиятнинг ўзи ҳам Ўзбекистон футболчилари дунёнинг энг кучли жамоалари дарвозасига йўл топиши мумкинлигини кўрсатди.

Учрашувдан кейин жамоа сардори Элдор Шомуродов мухлислардан узр сўраб чиқди. Бу сўзларни мағлубиятни тан олиш, деб қабул қилмайлик, аслида, бу сўзлар мамлакат олдидаги масъулиятни ҳис қилиш намунаси бўлди. Майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам йигитлар мардона туришди. Енгилишди, таслим бўлишмади.

Тўғри, Португалияга қарши ўйиндан кейин бутун мамлакат бир лаҳза сукутга чўмгандек бўлди. Айрим ашаддий мухлислар ижтимоий тармоқларда кескин фикрларни ёзди. Эҳтирослар тошди. Майли, буниям йиллар давомида йиғилган орзуларнинг оғриқли акс-садоси сифатида қабул қилайлик. Ахир, футбол ўзи шундай ўйин эмасми? У охирги ҳуштаккача яшайди.

Нима бўлгандаям, тўғри йўлни танлайлик: ҳақиқий мухлисликни ғазаб билан эмас, жамоа йиқилган куни унинг ёнида туриш билан кўрсатайлик. Фақат ғалабалардагинамас, мағлубиятда ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлашни ўрганайлик.

Мен аёл журналист сифатида, яширмайман, шу мақоланиям йиғлаб ёзяпман, рости. Бу ҳали-ҳануз... 12 ёшимдан 54 ёшимга қадар футбол тўпига ишқибозлигимдан эмас, Ватанимни севганимдандир балки... дея, ўзимни овутаман. Ҳалигача қишлоққа борсам, қишлоқ болалари билан кенг дала майдонида тўп тепаман: акамлар худди ёш болага айтгандек, “бўлди, тўп тепишни бас қил, кир уйга!” деб огоҳлантиришларига қарамай, футболни тушунсам-тушунмасам, тўп тепавераман, югуравераман, ҳужумга отилавераман,  ҳимояга талпинавераман... Ўзимиз урган голларни ҳам, дарвозамизга йўналтирилган голларни ҳам кулги ва “қий-чув” билан қаршилаймиз... Телевизор ортидаги чинакам баҳсларни томоша қилиш эса бошқа-бошқа нарса. Футбол – бу кеча менинг юрагимнинг ҳамиятига айланди: йигитларимиз жуда кучли ўйнашди, жуда зўр ўйин кўрсатишди....

Бугун Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонмаган бўлиши мумкин. Аммо, улар тарих ёзишди. Улар аввал ҳеч қайси ўзбек футболчиси етмаган саҳнага чиқишди. Улар дунёнинг энг кучли жамоаларига қарши мамлакат шарафини ҳимоя қилишди. Улар миллионлаб болаларга орзу қилиш мумкинлигини исботлашди. Эҳтимол, бу Жаҳон чемпионати Ўзбекистон учун кубок билан тугамас. Аммо, у тажриба, ишонч ва келажакни бера олди.

Айтиш жоизки, энг катта ғалабалар ҳам бир вақтлар мағлубиятлар бағрида туғилган. Бугунги оғриқ эртанги зафарларнинг пойдевори ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу йигитларимизга танқиддан кўра, кўпроқ далда керак. Шуни унутмайликки, улар фақатгина футбол ўйгашмаяпти, улар бутун мамлакатнинг янги футбол тарихи саҳифаларини ёзишяпти.

Бир лаҳза Ўзбекистон футболининг бугунги ҳар бир ютуғи ҳам осон кечмаганини кўз олдимиздан ўтказайлик.  Бу йўлда фақатгина тирикларнинг эмас, футбол учун умрини бахшида этган инсонларнинг ҳам изи бор.

Бугун мана шу йўқотишлар, мана шу бой беришлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон номи Жаҳон чемпионати майдонларида жарангламоқда. Эҳтимол, стадионларда янграган “Ўзбекистон!” деган ҳайқириқлар, миллионлаб мухлисларнинг қалбидаги фахр ва ғурур туйғулари ўша буюк йўлларнинг давомидир. Эҳтимол, футбол учун жонини фидо қилган, ўзбек футболи тарихи саҳифаларига номини ёзиб кетган инсонлар хотираси ҳам ана шу лаҳзаларда ёдга олингандир. Чунки, футболни фақат бугун майдонга тушган ўн бир нафар ўйинчи эмас, у  кеча, бугун ва эртани боғлаб турган катта қисмат йўли, деб атасак ҳам хато бўлмайди. Шу боис, қандай натижа қайд этилмасин, бу Жаҳон чемпионатидаги ҳар бир дақиқа ўзбек футболи тарихидаги улкан саҳифадир. Ва бу саҳифаларни кўриб, ўз вақтида орзу қилиб кетган авлодлар хотираси ҳам, шубҳасиз, муносиб эҳтиром билан ёд этилишини унутмайлик...

Хуллас, мен футболни севаман, сиз-чи? Сиз ҳам севасизми: унда жамоамизнинг ғалабасида ҳам, мағлубиятида ҳам унинг ёнида туринг! 

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг