Тупроқ остидаги тарих: Бухоро кентлари номи орасида яширинган сирлар
Ибодат Ражабова. Пешкў туманида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади» ва бошқа тўпламлари нашр этилган. Кўплаб тарихий-илмий-назарий материлаллар ёзган. Республикамизнинг турли ҳудудларидан кўплаб файласуф, филолог, мударрис ва тарихчи олимлар билан бирга, тарихий изланишлар олиб борган.
Журналист, тарихий-илмий-назарий тадқиқотчи билан Бухородаги қадимий шаҳар ва қабристонлар тарихи борасидаги изланиш ва ўрганишлари борасида суҳбатлашамиз.
Бухоро вилояти, Когон туманида қадимий шаҳар қолдиқлари бор. У қабристонга айлантирилган. Номи – Хожа Ахбор Вали. Суҳбатдош ушбу иш юзасидан кўп изланишлар ўтказган. У Абдулкарим ас-Санъоний Бухоро қишлоқлари, шу ердан чиққан олимлар ҳақида маълумот беради. Изланиб, Азғун номини топган. Шакли ўзгарган. Қабристон атрофида Ўрғун, Орғун, Метанработ номли қишлоқлар бор.
Журналист: Бу жойлардаги номлар ўзаро боғлиқдек туюлади. Азғун ва унинг атрофидаги қишлоқ номларининг келиб чиқиши қандай аниқланди?
Ибодат Ражабова: Сўзнинг келиб чиқиш ўзагини «Шоҳнома»дан олдик. Фирдавсий ўзининг машҳур китобида «Афросиёбнинг укаси Ағреғаз ўзига топширилган асирларни, бир ишга чалғиб, қаровсиз қолдиргани учун улар қочиб кетдилар»,-дейди. Демак, Азғун. Ағреғаз қурган 150 гектарлик шаҳар бўлган. «Насабнома» китобида «Азғун - Бухоро қишлоқларидан. Бу ердан кўп олимлар етишиб чиққан», деб хабар беради. Тугун очилди. Демак, Ағзун қалъа Афросиёб укасининг қурган шаҳри бўлиб, шаҳар бузилгандан кейин Орғун, Ўрғун, Метанработ қишлоқлари сувли ерларга кўчиб ўтган. Лекин, қалъа номини олиб кетиб, янги қишлоқларига шу номни қўйганлар. Номланиш шакли ўзгарган. Қадимий шаҳар қолдиқлари – қабристонга араб вакиллари Хожа Қабул Ахбори Вали, деб ном қўйганлар. Бу нотўғри.
Журналист: Яъни, баъзи номлар вақт ўтиши билан ўзгарган, ҳатто, бошқа маънолар билан алмашиб кетган, шундайми?
Ибодат Ражабова: Ҳа. Шу туманда Гулжонқалъа, деган тепалик бор. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд хазираларига жуда яқин. Ярим километрча узоқликда. Шу атрофда Ўржон, Оржон, Орижон номли саккизга яқин қишлоқлар бор. Номланишни эса ҳеч ким билмайди. Бизга Фирдавсий ёрдам берди. Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си бу жой номларини изоҳлашда катта аҳамият касб этди. У ўзининг «Шоҳнома» асарида шундай маълумот беради: «Афросиёбнинг бешта ўғли бор эди. Уларга Қорахон, Афросиёб, Сурха, Гурди Жовидон, Шеда, деб ном қўйди». Демак, Афросиёбнинг тўртинчи ўғлининг исми Гурди Жовидон. «Гурд» – сўғдча сўз. Ботир, баҳодир» маъносига эга. Гурди Жовидон сўзининг эскирган кўриниши эса Гуржон, Оржон, Орифон. Ўрмон қишлоғи ҳам шу атрофда. Лекин, у ерда ҳеч қачон ўрмон бўлмаган. Бу номланиш ҳам Гуржонқалъа таркибидан келиб чиққан.
Журналист: Демак, бугунги Орифон ва атрофдаги қишлоқлар ўша Гурди Жовидон шаҳридан қолган илдизларга эга, шундайми?
Ибодат Ражабова: Ҳа, тарихий китоблар: «Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Боғи Мозорнинг бир чеккасидан ўзларига кулба қурдилар», дейди. Демак, Афросиёбнинг ўғли Гурди Жовидон Когон туманининг шу ерида шаҳар қурган. Шаҳар катта. 120 гектар. Хожа Баҳоуддин хазираси ҳам шу ҳудудга кирган. қалъанинг мозори боғи ҳам бўлган. Ҳазрат хоки турбат бўлиб ётган жой номи Орифон. Гурди Жовидон сўзига яқинлиги ҳақиқат. Ҳозир ҳам Гурди Жовидон шаҳрининг қолдиқлари бор. Тепалик мавжуд.
Журналист: Сизнинг изланишингиз, айнан, номланиш усулига таянгани билан ўзига хос...
Ибодат Ражабова: Биз Фирдавсий изидан бориб, Бухоро вилояти ҳудудидан кўп қадимий жойларнинг номланиш ўтмишини топдик. Қадимшунослик фанида 3 та йўл билан изланишлар амалга оширилади. Яъни, соҳа олимлари археологик қазув, манбаларга асосланиб ва номланишга таяниб, иш кўрадилар. Биз номланиш асосида Афросиёб даврида қад кўтарган диза, кент, шаҳарларни топишга эришдик. Ғиждувон туманидаги бир мавзе номи Қорахонийлар, деб аталади. Бу Қорахонийлар ўтмиши Афросиёбнинг Қорахони ўғлига бориб боғланмайдими? Тепалиги ҳам бор. Қабристон қилинган. Қабристон – қадимий кент қолдиғи. Кўринишидан тепалик баланд, шаҳар истеҳкоми бўлганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Кўплаб қабристонлар, аслида, қадимги шаҳарлар ва кентлар қолдиқлари эканлигини айтиш мумкин. Бухоро шаҳристонининг жанубида Сафед мўй қабристони бор. Кенг-кенг жойни эгаллаган эди. Бу жойни Абдулла Сафед мўй ҳам дердилар. У Сомонийлар вазири бўлиб, шу кентда яшаган. Қабристон жуда қадимийлиги сабаб 2024 йил бузиб, экобоғ қилиб, манзарали кўчатлар ўтқаздилар. Жойнинг тарихи билан қизиқдик. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд китобида номи Сафед моша, деб берилган. Бухоро амирининг солиқ йиғиш дафтарида Сиплон кенти шаклида рўйхатда бор. Қишлоқларнинг келиб чиқиш жойи бўлган Сиплон Кентидан бўлган 220 га яқин қишлоқлар рўйхати солиқ дафтарида мавжуд. Бухоро амири шу рўйхат асосида солиқ йиғдирган.
Журналист: Ажойиб, демак, бу маълумотлар, нафақат, ном илдизини, балки, тарихий бошқарув тизимини ҳам ёритиб беради. Кўп жой номлари вақт ва талаффуз таъсирида шаклан ўзгарган бўлса-да, уларнинг маъноси ва тарихий илдизи сақланиб қолган экан-да? Изланувларингизга кўра, Сиплон Кентидан бўлган қишлоқлар рўйхати қандай маълумотларни тақдим этади ва уларнинг тарихи ҳақида нималарни кўрсатади?
Ибодат Ражабова: Изланишни давом эттирдик. Ҳақиқатнинг жамоли гўзал экан. Афросиёбнинг ўғли Арк қўрғони жануб томонида шу кентни қуриб, унга ўз номини қўйган экан – Сурха. Замон, давр ўтиши билан сўз шакли ўзгарган. Сафед моша – Сурха мулки, дегани. Сафед мўй, Сиплон ҳам шу маънода келган. Шу ўринда, Ажинатепа қабристони ва унинг номи Афросиёб авлодлари билан қандай боғлангани хусусида ҳам тўхталиб ўтсам. Биз, Фирдавсий изидан, кўрсатмасига асосан, иш олиб бориб, кўпдан кўп янги фактларга дуч келдик. Бу ғаройиб топилмалардан ўзимиз ҳам беҳад севиндик. Ромитан туманида Ажинатепа қабристони бор. Бу ҳудудда яшаб келаётган халқ сал ҳадиксираб гапиради. Гўёки, бу ерда ғайриоддий кучлар бор эмиш. Аслида, бундай эмас. Ас-Самъоний бу шаҳардан етишиб чиққан олимларга «Ажинасий», деб мурожаат қилади. Уларнинг ном, насабини келтиради. Биз Ажинатепа ўтмиши илдизларини топдик. Кент Афросиёбнинг набираси – Аржостнинг шаҳри эканлиги юз кўрсатди. Бундан ташқари, тарихга бой Ғиждувон туманида Армечак тепалиги ва қишлоғи бор. Армечакликлар бу жой номи ифодасини «тўртта масжиди бор қишлоқ», деб шарҳлайдилар. Сўз қобиғи йиллар, асрлар шамоли таъсирида ўзгарган. Аслида, шаҳар Аржост қурган кент бўлган. Шунингдек, Пешку туманининг Варахша чўли этагига туташ қишлоқ бор. Шавгон. Номи ўта қадимий. Қишлоқ халқи илтимоси асосида изланиш олиб бордик. Кўплаб луғатларни, жумладан, «Бурхони қоъте», «Ғиёс ул-луғот», «Фарҳанги Шоҳнома», «Қутадғу билик», Гардизий, Муқаддамий, Табарий, Малехои Самарқандии, «Ашкол ул-олам» (Жайҳоний), «Фарҳанги забони тожики” китобларидан изладик. Лекин, уларнинг ҳеч бирида «Шавгон» сўзига дуч келмадик. Шавгон қишлоғи аҳли кўп интизорлик тортган кунларнинг бирида Шавгон номланиши жамоли муборакини кўрсатди. Фирдавсий айтди, Афросиёб ўғли Шеда ҳам шаҳар қургани ёдимизга келди. Қишлоқ шимолида катта қабристон ҳам бор. Ана ўша қабристон жойи Шеданинг кенти бўлган. Шедагон – Шеда авлоди маскани – Шавгон. «Гон» сўғд тилида кўпликни билдирувчи қўшимча. Араблар кўп кентларнинг номини ўзгартириб, ўзлари, вакилларининг номларини қўйиб, аҳолини чалғитганлар. Шавгон – эски шаҳар қолдиқлари номи бугун Бо Араб қабристони, деб аталади.
Журналист: Али Сафий ўзининг «Рашахот» китобида Ҳожа Ориф Моҳитобоннинг муриди ва Шовре қишлоғининг тарихи ҳақида маълумот беради. Сиз, бу қишлоқни тиклаган Афросиёбнинг Шеда исмли ўғли ва унинг Ҳасани Балоҳур кабристон билан боғлиқлиги ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз.
Ибодат Ражабова: Али Сафий ўзининг «Рашахот» китобида пиру муршидлар ҳақида маълумот беради ва Хожа Ориф Моҳитобоннинг муриди тўғрисида хабар беради. «Ҳасан Шовре Шовре деҳасидандир» дейди. Шовре мақола муаллифи туғилиб ўсган қишлоқ шимолидаги қадимий қишлоқ. Яхшиямки, бу қишлоқни ким тиклаганини «Шоҳнома» шаҳодат берди. Афросиёбнинг Шеда исмли ўғли асос солган экан. Шу кеча-кундузда бу жой қабристон. Номи – Ҳасани Балоҳур... Али Сафий ўзининг «Рашахот» китобида пиру муршидлар ҳақида маълумот бериб, Хожа Ориф Моҳитобоннинг муриди тўғрисида хабар беради. «Ҳасан Шовре Шовре деҳасидандир», дейди. Шовре мақола муаллифи туғилиб ўсган қишлоқ шимолидаги қадимий қишлоқ. Яхшиямки, бу қишлоқни ким тиклаганини «Шоҳнома» шаҳодат берди. Афросиёбнинг Шеда исмли ўғли асос солган экан. Шу кеча-кундузда бу жой қабристон. Номи – Ҳасани Балоҳур.
Журналист: Вобкент тумани тарихи ва номининг пайдо бўлиши ҳақида ҳам тўхталсангиз. Билишимизча, айрим қишлоқлар номини замонавийлаштириш ҳаракатлари амалга ошмаган. Сизнинг-ча, аҳоли ота-боболардан мерос бўлган номларни ҳимоя қилишда қандай фикрда?
Ибодат Ражабова: Вобкент. Олдин туман номи Комот бўлган. Сув хазинаси бўлмиш Зарафшон дарёсининг серсув ирмоғи туман қуёш чиқаридан оқиб ўтгани сабабли ариқ, руд, комалар кўп, номланиши ҳам шунга қараб бўлган. Яъни, Комот. Кома – ариқ, «от» эса, кўплик шаклини билдирувчи сўғд тилидаги қўшимча. Ариқлари кўп жой маъносини билдирган. Кейинчалик эса, номланиш шаклини ўзгартирган, лекин, маъно ўша: Вобкент – Обкент. Об – сув, кент – шаҳар, қалъа, ҳисор, диза, аниқроқ қилиб айтсак, сув, дарё, руд, ирмоқ ёнида жойлашган шаҳар, дегани. Шу сабабли ҳам туманда сув билан боғлиқ қишлоқ, гузар, шаҳарчалар кўп учрайди. Миллат, элат, касб-корни билдирувчи жой номлари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Туманда жуда қадимий қишлоқлар мавжуд. Номланишини замонавийлаштирмоқчи бўлган айрим мутасаддиларнинг нияти амалга ошмади. Чунки, одамлар ота-боболари яшаб, ном қўйиб, мерос қилиб қолдириб кетганлари табаррук-да. Масалан, Сакбиён. Сўз шаклини ўзгартирган. Айрим одамлар тушунмай, Сакгўён, деганлар. Яъни, итни бу қишлоқ аҳли сак, дейди, деб. Аслида, бу номланиш жуда қадимий бўлиб, маъноси Суғдиёндир. Сўғд элати яшайдиган қишлоқ маъносида.
Журналист: Вобкентнинг «Шакаркент» қишлоғи ҳам бор. Вақт ўтиши билан Шикоркентдан Шакаркентга ўзгарган, дейишади?
Ибодат Ражабова: Шакаркент. Бу ном Вобкентда машҳур. Катта ҳудудни қамраб олган Шакаркент Вобкент марказининг қуёш чиқар, ариқ, кўклик ярим ўрмони бор томонида жойлашган. Бу ерда овчилар қалъаси жойлашган бўлган. Сув сероб, балиқ, сув мушуги, ярим ўрмон бағрида ёввойи жонзотлар кўплиги сабаб овчилар ризқи тайин бўлганлиги учун қалъа номи «Овчилар шаҳарчаси» деб номланган. Сўғд-тожик тилида овчини шикорчи, дейилади. Йиллар ўтиб, номланиши Шикоркент эмас, Шакаркент бўлиб қолган.
Журналист: Маълумки, Бухоро тарихида Бонобий, деган олим ўтган. Унинг намоз ва виждонига содиқлиги ҳақидаги бир воқеа борки, у Вобкент тарихида ҳали-ҳануз эътиборга эга…
Ибодат Ражабова: Вобкентда иккита қишлоқ бор. Зарафшон катта ирмоғининг юқори, пастида жойлашган. Юқори томондагиси – Боноб (Болои об – сувнинг юқори қисмидаги қишлоқ дегани), пастдагиси – Поноб (Поёни об – сув ариғининг пастида жойлашган яшаш маскани, дегани).
Тарихда Бонобий (Болои Оби), деган катта олим ўтган. У умрида бир марта бўлсин, виждонига хилоф иш қилмаган, парҳезкор одам бўлган. Қишлоғининг масжидида имом бўлиб, ҳар куни азонни айтар экан. Бир куни пешин намозида азон айтиб турса, чопар Бухоро подшоҳидан унинг номига нома келтирибди. Бонобий азонни айтиб бўлиб, масжидга кираётса, хат хабарини унга айтибдилар. Бонобий хатни қўлига ҳам олмабди ва: «Менинг шодшоҳ билан гапу ҳарфим йўқ, мен бундай шахс ёзган мактубни олмайман», деб намоз ўқишга кириб кетибди. Чопар хатни олиб, ортига қайтибди. Бухорога етиб олиб, хатни подшоҳга қайтариб бераётиб: «Бонобийнинг сиз билан иши йўқ экан. Подшоҳ мен билан қачон яхши бўлган эканким, менга хат ёзади. Мен бундай шубҳали хатни олиб, ўқимайман», деса, подшоҳ қорнини ушлаб кулибди. «Менинг хатимни ўқимайдиган одам бор эканми?»- деб. Бу ҳодиса Бонобийнинг шахсият ва эътиқодини очиб беради...
Албатта, Бухорода олимдан кўп ва хўб бўлган. Сизга маълумми-йўқми, худди шундай яна бир қишлоқ бор, Бисбирий. Шу қишлоқдан тарихчи олимлар чиққан. Қишлоқ номини насабларига қўшганлар. Бисбирий, бисбирийлик, деб. Ушбу қишлоқ олдида бир тепалик бор. Тепалик номи Боски Бирулоний. Қишлоқ номи шундан келиб чиққан. Маъноси Бирулон қурган бино, қалъа, ҳисор, дегани. Ким у Бирулон? Тарихнинг, «Шоҳнома» китобининг маълумот беришича, Афросиёбнинг турк вазирининг номи Бирулон экан. Ўша вазир қурдирган бино бугун қишлоқ номи, Олимлар насаби бўлиб турибди. Қадимийликни қаранг. Яна бир қишлоқ бор. Номи Сўфидеҳқон. Қабристони ҳам бор. 18 та туғ кўтарилган қабристонда. Аслида-чи, қишлоқ номи сўғдча бўлиб, дала ҳовли маъносини билдиради.
Журналист: Анжир Фағнавий номи қандай афсоналар ва халқ эътиқоди билан боғланган?
Ибодат Ражабова: Анжир Фағнавий. Бу ибора буюк пир номига тегишли маснад. Аслида, ажир – ботирлар, фағна – пахса деворли қалъа, дегани. Бу Афросиёб давридаги шаҳар номи бўлиб, Ажир Фағна – Баҳодири кўп девори пахсадан бўлган кент, дегани. Чунки, «анжир» сўзи луғатда бўлмаган. Анжир – ажирнинг эскирган шакли. Бу қишлоқ аҳли эса, пир номига ҳар хил эртаклар боғлаб юрибдилар. Шунга ҳамоҳанг Пирмаст қишлоғи бўлиб, бунда ҳам биз кўп изланишлар олиб бордик. Бу қишлоқ тарихи бориб, Афросиёбнинг ўша турк вазири Бирулонга тақалади. Шу номли ариқ бор – Пирмаст ариғи. Аниқласак, эрамиздан илгари яшаган Афросиёб вазири Бирулон қаздирган ариқ, дегани экан. Пирмас – Бирмас, Бирулон ташкил этган яшаш жойи, дегани экан.
Шунингдек, Вобкент туманида ҳам эски кент жойи бор. Бу Наршахқалъадир. Буюк тарихчи Наршахий шу дизада туғилиб, ўсган. Сомонийлар тарихнависи бўлган. Хўш, кент номи нега Наршахқалъа? Тожикистон ФА академиги Асрор Мухторов шундай маълумот беради. «Сомонийлар Баҳроми Чўбинанинг Олий Сомон номли ўғлидан тарқалган авлод. Улар Бухорода 102 йилу 20 ярим кун подшоҳлик қилдилар. Улар шу йиллар давомида учта шаҳар (қалъа) қурдилар. Учта шаҳарнинг иккитаси Тожикистон ҳудудида борлиги маълум, битта шаҳарлари номаълум». («Сомонийларнинг амир ва вазирлари» китоби. 1997 йил, Душанбе, «Олий Сомон» нашриёти) Шу ерда яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Изланишлар давомида «Осор ул-вузаро» китобини варақлашга тўғри келди. Муаллифи – Сайфиддин Ҳожий. У ўз асарида сомонийлар ҳақида ҳам (5-бобда) маълумот берган. Бизнинг-ча, Сайфиддин Ҳожи Гардизий, Истарий, Фирдавсий, Муқаддамий каби тарихчилар китобидан фойдаланган. Ҳожи сомонийлар ҳақида ёзиб, шундай мисраларни (форс тилида) қаламга олади: «Нўҳ тан бу данд зи Оли Сомон мазкур, Исмоилу Аҳмади (савим) Наср Ду Нўҳу ду Абдумалику ду Мансур». Таржимаси: Мазкур Олий Сомон авлодидан 9 киши эдилар. Хуросон мамлакатини бошқариш (обод этиш)да машҳур Исмоил, Аҳмад (учинчиси), Наср, иики Нўҳ, икки Абдулмалик, икки Мансур. Бу ахборотни номланиш нуқтаси назаридан кўрсак, Нўҳ – Шоҳи Музаффари Оли. 9 та зафар (подшоҳлик)га эришган шоҳ, подшоҳ бўлиб чиқади. Йиллар ўтиши билан сўзлар номланишига айланган Наршах, Нарчоҳ, Нўҳшоҳи музаффари олий. Бу бизнинг Наршахқалъа номи. Демак, сомонийларнинг 3 қурган кентлари бу бизнинг Наршоҳқалъамиз бўлиб, унинг ҳудуди 200 га бўлган. Вобкент дарёчанинг шундоқ юқори қисмида жойлашган.
Журналист: Қизиқарли суҳбат учун раҳмат. Яна албатта, сиздан мана шундай тарихий изланишлар юзасидан ажойиб сухбатлар кутиб қоламиз. Чарчаманг!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter