Туркия хилма-хил машғулотлари билан қишки туризм марказига айланмоқда (фоторепортаж)
Туркия қиш мавсумида бутунлай ўзгача қиёфа касб этади. Қор билан қопланган улуғвор тоғлар, музлаб ётган сокин кўллар ва шифобахш илиқ булоқлар табиат қудратини бутун гўзаллиги билан намойиш этади. Қиш мавсумида Туркия ўзининг ноёб ва мароқли машғулотлари билан алоҳида ажралиб туради.

Каппадокияда ҳаво шарларида парвоз қилиш
Туркияда қиш мавсумидаги энг машҳур машғулотлардан бири - қор билан қопланган пери бажалари узра кўтарилаётган иссиқ ҳаво шарларида парвоз қилиш. Ҳатто шарда учишга журъат топа олмасангиз ҳам, уларни томоша қилишнинг ўзиёқ беқиёс завқ бағишлайди. Айниқса, қуёш чиқиши чоғида осмонга кўтариладиган шарлар қорли манзаралар фонида сеҳрли ва унутилмас муҳит яратади.

Термал марказларга ташриф буюриш
Кўплаб касалликларни даволашда муқобил ечим сифатида эътироф этилган иссиқ булоқларга ташриф буюриш қиш мавсумининг энг ёқимли ва илиқ машғулотларидан биридир. Ўртача 40 даража ҳароратга эга минерал сувлар нафақат даволовчи хусусиятга эга, балки танани тинчлантириб, чарчоқ ва стрессдан халос бўлишга ёрдам беради.

Чанғи учиш
Туркия чанғи учиш учун бамисоли “жаннат”. Бурса шаҳридан Карсгача бўлган деярли барча ҳудудларда замонавий технологиялар билан жиҳозланган, юқори сифатли хизмат кўрсатадиган чанғи марказларида чанғи учиш билан бир қаторда сноуборд, қор мотоцикли каби турли қишки машғулотлардан ҳам баҳраманд бўлиш мумкин.
Чилдир кўлида отли чаналарда учиш
Карсга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ синаб кўриши керак бўлган машғулотлардан бири— отли чаналар. Муз билан қопланган Чилдир кўли узра тезлик билан ҳаракатланадиган отли чанага миниб, ўзингизни табиат бағрига топширинг. Сўнгги йилларда кўл устида чаналар билан дрифт қилиш тобора оммалашиб бормоқда.

Муз устида балиқ овлаш
Чилдир кўлида фақат отли чаналар билан чекланмай, музлаб қолган кўл устида балиқ овлашни ҳам синаб кўриш лозим. Муз устида кичик тешик очиб, кўл балиқларини овлаш муҳташам тажрибадир. Қишнинг завқини тўлиқ ҳис қилиш ва табиат билан ёлғиз қолиш имконини берувчи унутилмас дам олиш учун Карс мукаммал манзил!

Музлаб қолган шаршарага тирмашиш
Бу машғулот бироз ғалати эшитилиши мумкин, бироқ Эрзурум шаҳрида музлаб қолган шаршараларга тирмашиш имконияти мавжуд. Узундере туманидаги шаршаралар қиш фаслида музлаб, баландлиги 300 метрга етадиган улкан муз қатламларини ҳосил қилади. Бу эса, айниқса, музга тирмашиш бўйича муқобил манзил излаётган тоғчилар учун ажойиб имкониятдир. Бунинг учун албатта профессионал бўлиш шарт эмас, чунки махсус машғулотлар ҳам бор. Эрзурум — ҳаяжонга бой ва унутилмас таассуротлар маскани!

Абантда пиёда сайр қилиш
Болу шаҳри, айниқса Истанбулга саёҳат режа қилаётганлар учун ажойиб муқобил манзилдир. Яқин жойлашгани сабабли кўпчилик шаҳар шовқинидан бироз узоқлашиб, ҳордиқ чиқариш учун Болуни танлайди. Ҳар фаслда ўзига хос гўзалликка эга бўлган бу ҳудуд қиш мавсумида янада бетакрор кўриниш касб этади. Оппоқ қорга бурканган табиат сизни бу ерда энг гўзал қиёфасида қарши олади. Ушбу манзарадан тўлиқ баҳраманд бўлиш учун Абант кўлида ёқимли сайр қилиш кифоя.

Снеговик фестивалида қатнашиш
2007 йилдан буён Ризе вилоятидаги Айдер яйловида ўтказиб келинаётган Снеговик фестивали жорий йилда 24–26-январ кунлари бўлиб ўтади. Фестивал доирасида турли танловларда иштирок этиш, қор устида ҳорон рақсини ижро этиш, маҳаллий санъаткорлар концертларига қўшилиш ёки балонларда сирпаниш имкониятилари мавжуд.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter