Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

“Махсус комиссия ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ” — Расмий баёнот

“Махсус комиссия ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ” — Расмий баёнот

Ҳаво сифатининг пасайиши юзасидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг расмий баёноти эълон қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда мамлакатимизда ҳарорат инверсияси билан боғлиқ ноқулай метеорологик шароитлар оқибатида ҳаво сифатининг пасайиши кузатилмоқда. Ҳолат юзасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Искандар Қутбиддинов маълумот берди.

Ушбу ҳодиса кундузги ва кечки ҳаво ҳароратининг айрим ҳолларда 14 градусгача кескин фарқ қилиши, туман тушиши, шамол тезлигини пасайиши натижасида ифлослантирувчи моддаларнинг атмосфера ҳавосида тарқалишини қийинлаштирмоқда.

Таъкидланишича, Махсус комиссия ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Экологик ҳолат юзасидан аҳолига мунтазам ахборот бериш билан бирга тегишли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирмоқда.

Бугунги кунда Махсус комиссиясининг эътибори саноат ва хўжалик обектларида экологик рейдлар ва назорат тадбирларига қаратилган.

Ноқулай об-ҳаво шароитида атмосфера ҳавосига антропоген (яъни, инсоний фаолият)нинг юкламасини камайтириш учун корхоналарнинг қувватлари чекланмоқда ва айримларининг фаолияти тўхтатилмоқда.

1-7 январ кунлари Тошкент шаҳридаги 12 та ва Тошкент вилоятидаги 22 та ишлаб чиқариш корхонасида текширувлар ўтказилди ҳамда таъсирчан чоралар кўрилди. Атмосфера ҳавосини ифлослантирган ўнлаб автотранспорт воситаларига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.

Шу билан бирга, профилактик чоралар ҳам амалга оширилмоқда: ташлама манбалари устидан мониторинг кучайтирилди, атмосфера ҳавоси сифати тезкор баҳолаб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, ноқулай метеорологик шароитлар 16-17-январ санасига қадар сақланиши кутилмоқда. Антициклонлар келиши натижасида ёғингарчилик ёғиши ва шамол тезлиги ошиши билан атмосфера ҳавоси сифати нормаллашуви кутилмоқда.

Ҳарорат инверсияси қисқа муддатли ва олдиндан прогноз қилинадиган метеорологик ҳодиса бўлиб, бу даврда давлат ташкилотлари кучайтирилган режимда иш олиб боради ва ифлосланишни юмшатиш учун синовдан ўтган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Махсус комиссия томонидан экологик рейдлар ва мониторинг тадбирлари инверсия якунлангач ҳам давом эттирилади. Кўрилаётган барча чоралар юзага келган хавфларни минималлаштириш ҳамда аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Барча чора-тадбирар илмий асосланган тавсияларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириб келинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг