Қўқонда йирик “қора бизнес” фош этилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистон Республикасидан контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 1984 й.т. фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилди.
Натижада хонадон ошхонасида 4 кг 572 гр “опий” ҳамда 1 кг 58 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унга тожикистонлик наркосавдогарлар “WhatsApp” мессенжеридан юборган геолокация орқали – муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 гр “опий” моддаси олинди.
Бундан ташқари, унга гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтириш учун ёрдам берган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1969 й.т. шахс ўзининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланиб, ундан ҳам 7 кг 226 гр “опий” моддаси олинди.
Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган, 1980 й.т. маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда муқаддам 34 минг АҚШ долларига сотиб олинган 5 кг 22 гр “опий” моддаси борлиги маълум бўлди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унга наркотик моддани сотган, 1985 й.т. ҳамшаҳари ва унинг жиноий шериги бўлган – 1985 й.т. Тожикистон Республикаси фуқароси қўлга олинди.
Шунингдек, тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан ҳам 2 кг 362 гр “опий” моддаси олинди.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди ва унда йўловчи сифатида кетаётган, 1992 й.т. фуқарога тегишли сумка ичида 982 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, у гиёҳвандлик воситасини муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Қўқон шаҳри ҳудудига яшириб кетилган хуфия жойдан олган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2000 й.т. шахс Тожикистон Республикасидан олиб келинган 989 гр “гашиш” моддасини харидорга 150 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter