Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таҳлилчилар: «Куппа-кундузи президент ўғирлаб кетилди!..»

Таҳлилчилар: «Куппа-кундузи президент ўғирлаб кетилди!..»

Фото: Global Look Press

3 январга ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракас ҳамда мамлакатнинг бошқа ҳудудларида портлашлар рўй бергани, АҚШ президенти Доналд Трампнинг фармонига кўра ҳарбий амалиёт бошлангани ҳақида хабар бергандик

Бир неча соатдан кейин Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали АҚШ Венесуэладаги объектларга зарба берганини тасдиқлади. Оқ уй раҳбари, шунингдек,  Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилганини билдирди.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Венесуэлада «мустабид» Николас Мадуро ҳокимияти ағдарилгани ва у эндиликда «жиноятлари учун» суд олдида жавоб бериши ҳақида баёнот берди.

Венесуэла ташқи ишлар вазирлиги АҚШни халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда босқинчилик ҳаракатини содир этишда айблади ва БМТ Хавфсизлик кенгашидан чора кўришни сўради.   

Трамп маъмурияти Венесуэла раҳбарини АҚШга ноқонуний равишда гиёҳвандлик моддаларини етказишда айблаб келаётган эди. Вашингтон расмийларига кўра, Венесуэла орқали амалга оширилаётган наркотрафик АҚШ миллий хавфсизлигига, жумладан, жамият саломатлиги ва ёшлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Мадуронинг ўзи наркосавдога алоқадорлик айбини рад этган.

Венесуэлани 2013 йилдан буён бошқариб келаётган Николас Мадуро 2024 йил июл ойида президентлик сайловида ғалаба қозонганини эълон қилгач, халқаро ҳамжамият норозилигига нишон бўлган. У сайлов натижаларини сохталаштиришда айбланган.  

АҚШ Мадурони қўлга олганлик учун 50 миллион доллар мукофот пули эълон қилган эди.

Сўнгги ойларда Қўшма Штатлар Мадуро маъмуриятига қарши босимларни кучайтираётган, уни ағдариш учун ҳар қандай вариант қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантираётган эди.

Ўзбекистонлик таҳлилчи ва ижтимоий тармоқ фаоллари Доналд Трампнинг Венесуэлада амалга оширган ҳаракати халқаро ҳуқуққа зид эканига эътибор қаратмоқда.

«Куппа-кундуз бир давлатнинг раҳбарини ўғирлаб кетишди. Бу ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Унинг мотивини тушундик, лекин бундай усул билан хоҳлаган иш қилиш оқибатини англашмаганини тушунмадим. Ҳамма хоҳлаган ишини қилиши мумкин энди. Оқибати АҚШнинг ўзига қарши ишлайди. Трамп назоратни йўқотди», — деб ёзди сиёсатшунос Фарҳод Каримов.

«Катта давлатлар бирин-кетин ўз қудратини намойиш қилмоқда. Энди навбат Хитойнинг Тайванга ҳужумигами?» — дея савол қўйди тадқиқотчи Отабек Акромов.

«Халқаро муносабатлар соҳасидаги қатор таҳлилчилар ва тадқиқот марказлари (жумладан, Council on Foreign Relations) операциянинг кўлами ва интенсивлиги уни фақат аксилнаркотик тадбир сифатида талқин қилишни қийинлаштиришини қайд этади. Уларнинг фикрича, амалдаги стратегия Венесуэлада сиёсий ҳокимиятни алмаштиришга қаратилган бўлиши мумкин», — деб ёзди сиёсатшунос Мухтор Назиров.

«Афсуски, мана шунақа зўравонлар замонида яшаяпмиз. Ақл, фикр кучи эмас, билак кучи ҳал қиляпти ҳаммасини. Венесуэладан кейинги нишон Эрон бўлса керак. Роса қайнаб турибди ҳозир», — дея муносабат билдирди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

«Ғирт аҳмоқлик! 2026 йил ҳам дунё учун яхши келмайдиганга ўхшайди! Дунёда адолат йўқоляпти, катта давлатлар кичик давлатлар устидан назорат ўрнатишни бошлаб юборди!» — деб ёзди «Turakulov Economics» канали муаллифи.

«Деярли бир ойча вақт кетди. Трамп яна бир ойча кутиб, 24 февралда Венесуэлага бостириб кирганда, ўзини оқлашга яхшигина рамз яратарди (Россиянинг 2022 йил 24 феврал куни Украинага бостириб киргани назарда тутилмоқда — таҳр.) Ва бугун дунёнинг иккинчи томони гапиришни бошлади. 2022 йил 24 февралда жим турганлар бугун халқаро ҳуқуқ ва БМТ ҳақида гапиришни бошлади. АҚШ ростан Мадурони асир олган бўлса — бу америкалик ҳарбийларнинг жиддий ютуғи. Мен у Туркияга қочиб кетишга улгуради деб ўйлагандим. Ва ҳеч ким АҚШга ҳеч нима қила олмайди. Америкаликлар ҳужумни давом эттирса ҳам дунё ҳеч қандай реакция билдира олмайди», — деб ёзди таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров.

«Нишонга отаман деб пиёдалар йўлакчасидаги одамларга адашиб болтани отиб юборган ТВ бошловчини мудофаа вазири қилиб, ундан кейин мудофаа вазирлигини номини уруш вазирлиги деб ўзгартиришгандан сўнг яна нимани кутиш мумкин эди? Венесуэла қирғоқларида қайиқда кетаётганларни ҳеч қандай далил-суд-ҳукмларсиз булар наркотеррористлар эди деб бомбардимон қилиш билан тўхтаб қолишмасди-ку. Тинчлик бўйича Нобелни менга беринглар эмиш яна», — дея мулоҳазаларини баён қилди АҚШда яшаётган таниқли иқтисодчи Ботир Қобилов.

«Шундай қилиб дунё нефтининг 16 фоизи АҚШ назоратига ўтди», — деб хулоса қилди Телеграмдаги «Strategic Focus: Atlantic» канали.

Маълумот ўрнида: сайлов кампанияси даврида уруш олиб бормасликка ваъда берган Доналд Трамп АҚШ президенти сифатида лавозимга киришган 2025 йил январ ойидан буён олти давлат ҳудудида ҳарбий амалиёт ўтказди. Жумладан, Оқ уй хўжайини буйруғига кўра АҚШ ҳарбийлари Сомали (2025 йил 1  феврал), Эрон (2025 йил 22 июн), Яман (2025 йил 15 март), Сурия (2025 йил 19 декабр), Нигерия (2025 йил 25 декабр), Венесуэла (2026 йил 3 январ) каби давлатларга ҳарбий зарба йўллади.

Аввалроқ АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак сўнгги 80 йил ичида Қўшма Штатлар иштирокида дунё бўйлаб 93 та давлат тўнтариши ёки тузум ўзгариши амалга оширилганини тан олган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг