“Больничный” ва “декрет” пулларини олиш учун ходим суғурта шартномаси тузиши керакми?
Савол: Ҳукуматнинг 796-сонли қарорига асосан, 2026 йилдан касаллик варақасига ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан шахсларга нафақалар Давлат ижтимоий суғурта жамғармасидан тўланади, деяпмиз, тўғрими?
Яъни, гап “больничный” ва “декрет” пули ҳақида кетяпти. Илгари биров бу турдаги ташкилотларни назорат қилмас эди. Ҳохласа тўларди, хохламаса тўламас эди улар. Энди, бу масъулиятни давлат ўз зиммасига оляпти. Давлат ўзининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан бу тўловларни тўлаб берадиган бўляпти.
Бу нафақалар қайси манбаалар ҳисобидан тўланади? Албатта, давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан тўланади.
Шунда ходимлар алоҳида суғурта қилиниши керакми? Ёки ходимлар ишлайдиган ташкилот юқоридаги нафақалар тўланиши учун қайсидир суғурта компанияси билан суғурта шартномаси тузадими? Суғурта шартномаси бўлмаган шахслар бу нафақаларни ололмайдими?
Давлат ижтимоий суғуртаси деганда, ходимлар ёки бошқа шахслар қайсидир суғурта компаниясидан суғурталанмайди ва ҳеч ким билан суғурта шартномаси тузмайди.
796-сонли “Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-бандига кўра, “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича муносабатлар давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий асосда қамраб олинадиган фуқароларга даромад ҳисобланган пайтдан, давлат ижтимоий суғуртаси билан ихтиёрий асосда қамраб олинадиган фуқароларга суғурта бадаллари тўланган пайтдан бошлаб юзага келади” дейилган.
Демак, давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий суғурталанадиган шахслар ва ихтиёрий суғурталанадиган шахслар бор. “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари асосида ишлаётган барча фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси мажбурий бўлганларга киради. Ушбу қонун 1 январдан кучга кирди.
Энди ушбу иккала қоидани бир-бирига бириктирамиз. Меҳнат шартномаси ва фуқаролик-ҳуқуқий шартнома билан ишлаётган барча фуқаролар мажбурий суғурталанадиган шахслардир.
Демак, уларга иш берувчиси ёки ишлаётган ташкилоти томонидан иш ҳақи даромади ҳисобланган кундан бошлаб, улар давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган ҳисобланади. Ихтиёрий суғурта қилинувчилар эса, Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига суғурта бадаллари тўланган вақтдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган ҳисобланади.
Юқоридаги ҳолатларда, айниқса, мажбурий суғурта қилинадиган ҳолатларда масъулият тўлиқ ходим ёки фуқаро ишлаётган ташкилотнинг зиммасида бўлади. Ходим “яқинда декретга чиқаман, ўзимни ижтимоий суғурталашим керак, қаерга борсам экан-а” деб юрмайди.
Содда қилиб айтганда, “больничный” ва “декрет” пули олиш ҳуқуқини берадиган давлат ижтимоий суғуртаси автоматик равишда юзага келади.
Саидали Мухторалиев
Амалиётчи юрист


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter