Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2025 йилда Ўзбекистонда инфляция 7,3 фоизни ташкил этди

2025 йилда Ўзбекистонда инфляция 7,3 фоизни ташкил этди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда инфляция даражаси 7,3 фоизни ташкил этди. Бу 2024 йилда қайд этилган 9,8 фоизлик кўрсаткичга нисбатан анча паст. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Декабрь ойида истеъмол нархлари индекси 0,9 фоизга ошган. Солиштириш учун, 2024 йил декабрида ойлик инфляция 1 фоизни ташкил этган эди.

2025 йил давомида инфляцияга энг катта таъсир қуйидаги тоифалар ҳиссасига тўғри келди:

  • озиқ-овқат маҳсулотлари ва алкогольсиз ичимликлар,
  • уй-жой-коммунал хизматлар (сув, электр, газ ва бошқа ёқилғилар),
  • транспорт хизматлари.

Ушбу уч тоифанинг умумий ҳиссаси 5,51 фоиз пунктни ёки умумий инфляциянинг 75,5 фоизини ташкил этган. Қолган товар ва хизматлар ҳиссаси 1,79 фоиз пункт бўлган.

Декабрь ойида қатор маҳсулотлар нархида ўсиш кузатилди:

  • тухум — 3,4 фоиз (йиллик ҳисобда –14,5 фоиз),
  • олий навли ундан тайёрланган нон — 0,5 фоиз (+1,6 фоиз),
  • сут — 0,4 фоиз (+5,7 фоиз),
  • пахта ёғи — 0,4 фоиз (+17,7 фоиз),
  • гўшт маҳсулотлари — 0,2–0,6 фоиз атрофида (йиллик ўсиш 23–27 фоиз гача).

Шу билан бирга, декабрь ойида айрим маҳсулотлар арзонлашган:

  • гуруч — 1,8 фоиз (йиллик –16,6 фоиз),
  • шакар — 2,3 фоиз (–4,8 фоиз),
  • кунгабоқар ёғи — 0,5 фоиз (йиллик +12,7 фоиз).

Мева-сабзавот маҳсулотлари орасида энг катта ойлик ўсиш:

  • бақлажон — 55,9 фоиз,
  • бодринг — 55,7 фоиз,
  • помидор — 25,1 фоиз,
  • болгар қалампири — 22,9 фоиз,
  • карам — 22,8 фоиз.

Шу билан бирга, сабзи (–7,5 фоиз) ва цитрус мевалари (–2,4 фоиз) нархи пасайган.

2025 йил давомида уй-жой-коммунал хизматлар нархи ўртача 17,1 фоизга ошган. Энг катта ўсиш:

  • табиий газ — 39,2 фоиз,
  • совуқ сув ва канализация — 35,1 фоиз,
  • чиқинди чиқариш — 32,5 фоиз,
  • электр энергияси — 18,8 фоиз.

Декабрь ойида айрим ҳудудларда маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифлари оширилиб, республика бўйича ўртача 3 фоизга қимматлашган.

Декабрь ойида бензин нархлари ўртача 2,4 фоизга ошган, йиллик ўсиш эса 11,9 фоизни ташкил этган. Бензин нархлари қуйидаги диапазонда бўлган:

  • АИ-80 — 9500–9900 сўм,
  • АИ-91/92 — 10 500–13 300 сўм,
  • АИ-95/98 — 12 500–18 000 сўм,
  • АИ-100 — 21 минг сўмгача.

Пропан декабрь ойида 1,3 фоизга қимматлашган, аммо йиллик ҳисобда 10,5 фоизга арзонлаган. Метан нархи ой давомида ўзгармаган, бироқ ўтган йил охирига нисбатан қарийб 30 фоиз юқори қолмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг