Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Беқарор дунёда тараққиётнинг йўли битта» – Тойво Клаар Лиссабондан Андижонга қадар кенгайган ҳамкорлик ҳақида

«Беқарор дунёда тараққиётнинг йўли битта» – Тойво Клаар Лиссабондан Андижонга қадар кенгайган ҳамкорлик ҳақида

Вазир Ж.Қўчқоров ҳамда элчи Т.Клаар. Фото: ЕИ делегацияси

Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг янада кучли, ўзига ишончли ва ташқи омилларга камроқ қарам бўлиши учун фаол қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг юртимиздаги элчиси Тойво Клаар Тошкентда Европа куни муносабати билан ўтказилган анжумандаги нутқида гапирди.

Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қатнашди.

«2024 йилда Европа Иттифоқи Ўзбекистон учун импорт бўйича учинчи йирик савдо ҳамкори ва экспорт бўйича иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлди. Ўзаро савдо ҳажми қарийб 4,8 миллиард еврони ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан деярли икки баробарга ошди. Иқтисодий алоқаларимизнинг кенгайиши Лиссабондан Андижонгача бўлган ҳудудда ҳам ўзбекистонликлар, ҳам европаликларга фойда келтирмоқда», – деди элчи Тойво Клаар.

Ўтган йили Брюссель ва Тошкент муносабатларига оид икки ўта муҳим ҳодиса рўй берди.

2025 йил 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» биринчи саммити бўлиб ўтди. ЕИ ва минтақа раҳбарияти қатнашган тадбирда Брюссель «Global Gateway» дастури бўйича 12 млрд евро ҳажмидаги инвестиция пакетини эълон қилди.

2025 йил 24 октябрь куни эса Брюссель шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (EPCA – Enhanced Partnership and Cooperation Agreement) имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

ЕИ элчисига кўра, Самарқандда бўлиб ўтган тарихий саммит аллақачон аниқ натижалар бермоқда.  Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим эса савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, транспорт ва рақамли алоқалар, ҳуқуқ устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари каби кўплаб йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда.

«Беқарор дунёда ҳамкорлик бу – кучдир. Европа Ўзбекистон учун бизнес, ҳамкорлик, халқаро ҳуқуққа ҳурмат, хавфсизлик ва инсон қадр-қимматини таъминлаш борасида кучли ва ишончли ҳамкор бўлиб қолади», – деди нотиқ.

Бундан 76 йил аввал, 1950 йил 9 май куни франциялик атоқли давлат арбоби Робер Шуман ягона Европа ҳақидаги қарашларини баён этган эди. У Европа кўмир ва пўлат ҳамжамиятини ташкил этишни таклиф этар экан, рақобат ўрнига ҳамкорликни, тарқоқлик ўрнига бирликни, уруш ўрнига тинчликни тарғиб қилган эди.

Робер Шуманнинг қарашлари бугунги Европанинг 27 давлатини бирлаштирган сиёсий ва иқтисодий иттифоққа асос бўлди ва у қарийб 80 йил давомида қитъада тинчлик, демократия ва иқтисодий фаровонликни таъминлаб келмоқда.

«ЕИ оддий, аммо кучли ғояга асосланган: инсонлар эркин яшаши, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва улар доимо тенг муносабатда бўлиши керак. Бу тамойиллар бугунги кунда ҳам ЕИ ичида ўз кучини сақлаб қолмоқда. Бироқ бугунги дунё тобора ортиб бораётган можаролар, иқтисодий беқарорлик ва иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган таъсири билан тавсифланмоқда», – деди Т.Клаар.

Дипломат ўз чиқишида Яқин Шарқдаги тўқнашувлар, Россиянинг Украинага тажовузи каби долзарб масалаларга ҳам тўхталди.

«Бугунги кунда Европа лойиҳасининг бир муҳим ҳақиқатини яна бир бор кўриб турибмиз: умумий муаммолар умумий ечимларни талаб қилади. Ҳеч бир давлат бугунги глобал муаммоларни якка ҳолда ҳал қила олмайди. Иқлим ўзгариши глобал ҳамкорликни, адолатли савдо умумий тамойилларга содиқликни, тинчлик эса қоидаларга асосланган халқаро тартибни талаб қилади. Айнан шу сабабли ЕИ бутун дунё бўйлаб мустаҳкам, адолатли ва ишончли ҳамкорликларни ривожлантиришда давом этмоқда, умумий муаммоларни ҳал этиш учун ўзаро манфаатли шерикликларни йўлга қўйиб, 80 йил давомида шаклланишига ҳисса қўшган қоидаларга асосланган халқаро тартибни қўллаб-қувватламоқда», – дея хулоса қилди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг