Дунёга машҳур инвестор Ўзбекистонни танлади
Жим Роджерс АҚШда акцияларини сотиб, Ўзбекистон бозорига сармоя киритди.
Америкалик машҳур инвестор Жим Роджерс АҚШ бозорида иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишидан хавотир олиб, акцияларининг барчасини сотганини маълум қилди.
Жим Роджерснинг айтишича, АҚШ бозори 2009 йилдан бери узлуксиз ўсиб келмоқда ва бу мамлакат тарихидаги энг узоқ давом этган ўсиш цикли ҳисобланади.
«Америка бозори яқинда тарихий максимумга етди. Мен АҚШдаги барча активларимни сотдим, чунки бу ўсиш цикли якунига етаётгандек. Балки яна бир катта кўтарилиш бўлар, аммо мен барчасини сотишга қарор қилдим», — деди инвестор.
Роджерс аниқ санани айтмаган бўлса-да, битим 2025 йил охирига яқин амалга оширилганини таъкидлаган.
Шу даврда у ўз инвестиция портфелига ноодатий йўналиш — Ўзбекистон акцияларини қўшган.
«Биржада савдога чиқарилган акциялар кўп эмас ва мен деярли барчасини сотиб олдим», — дейди у.
Айни пайтда «Тошкент» фонд биржасида 85 та компания акциялари муомалада. Улар орасида банк, нефть-газ, телекоммуникация ва бошқа соҳалар вакиллари бор.
Жим Роджерс Ўзбекистон фонд бозорига қизиқишини 2021 йилдаёқ билдирган эди. Ўшанда у ҳали бу мамлакатда активларга эга эмаслигини айтган.
«Иқтисодиёт ниҳоят очилди. Халқаро инвесторлар ўсиш имкониятларидан фойдаланишини кутяпман. Айниқса, хусусийлаштириш ва IPO режаларини диққат билан кузатаман», — деган эди у Forbes нашрига берган интервьюсида.
Инвесторнинг таъкидлашича, у фақат ўзбек компаниялари акцияларига эга ва ўзбек сўмига ишонади.
Шу билан бирга, Жим Роджерс Хитой акцияларини ҳозирча сотмаганини, портфелида Air China ва China Eastern каби авиакомпаниялар қимматли қоғозлари борлигини билдирди. Бироқ, Хитой бозорида ҳам ҳаддан ташқари ўсиш кузатилаётганини қайд этиб, келгусида уларни сотиши мумкинлигини истисно этмаган.
Инвестор долларда катта миқдорда нақд маблағ сақлаётганини ҳам билдирган. У АҚШ қарздорлиги рекорд даражада эканини тан олган ҳолда, глобал инқироз шароитида доллар ҳали ҳам «хавфсиз восита» бўлиб қолишини таъкидлайди.
«Муаммолар бошланса, одамлар барибир АҚШ долларига ишонади. Шу сабаб уни ҳозирча сақлаб туряпман», — деган у.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter