Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қизилтепадаги қамоқхонада сақланаётган Мубашшир Аҳмад соғлиги ҳақида маълумот берилди

Қизилтепадаги қамоқхонада сақланаётган Мубашшир Аҳмад соғлиги ҳақида маълумот берилди

Сўнгги кунларда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган диний уламо А.Турсунов (Мубашшир Аҳмад)нинг соғлиги билан боғлиқ хабарлар тарқалаётган эди.

Мазкур хабарлар асосида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди. Унда ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум А.Т. (Мубашшир Аҳмад)нинг соғлиғи ва сақланиш шароити ўрганилди.

Мониторинг давомида маҳкумлар билан, шу жумладан маҳкум А.Т. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбат ўтказилди ва унинг соғлиғига оид тиббий ҳужжатлар билан танишилди.

А.Т. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини, мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётганлигини, фақатгина аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлигини ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини қайд этди. Шунингдек, муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилганлиги (ошхона ишлари билан шуғулланади) ҳамда қонунчиликда белгиланган вақтлардан ташқари ортиқча меҳнатга жалб этилмаганлигини, иш шароити меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ эканини айтиб ўтди.

Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароити бўйича ҳам шикоят билдирмади. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат берилади.

Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда у ҳеч қандай масалада мурожаат қилмади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ушбу муассасага 2025-йилнинг ноябр ва декабр ойларида амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида ҳам маҳкум А.Т. томонидан мурожаатлар келиб тушмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг