Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликларнинг иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда

Ўзбекистонликларнинг иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонун маъқулланди.

Мазкур ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – иш ташлаш ҳуқуқининг қонунан мустаҳкамланишидир.

Қонунга кўра, иш ташлаш ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида белгиланмоқда. У ихтиёрий ва биргаликда меҳнат мажбуриятларини вақтинча тўлиқ ёки қисман бажармаслик шаклида амалга оширилади.

Шунингдек, иш ташлаш жараёнида иш берувчи ва тегишли органларни хабардор қилиш тартиби, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонун миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. У Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал ва Меҳнат кодексларига, шунингдек, жамоат бирлашмалари ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонун иш ташлаш жараёнини қонуний тартибга солиш орқали жамоат хавфсизлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг