Бухорода 15 йиллик дардга айланган абгор йўл (видео+фото)
— Қаранглар, буни кўрдингизми? Ҳаво чанг, чанг, чанг, худди тумандай! Илтимос, асфалт қилинглар! Биз болаларнинг айтаётган гапларимизни ҳам эшитинглар! Биз ҳам шу ҳаводан нафас оляпмиз. Президент бобо, илтимос, бир марта келиб кўринг…
Қишлоқнинг чанг кўчаси бўйлаб велосипед ҳайдаб кетаётган 7 ёшли боланинг «Xabar.uz»га қилган видеомурожаати юзасидан манзил сари ошиқдик...
Ўша манзил, ўша одамлар
Бухоронинг Жондор туманида жойлашган «Пўлоти» маҳалласи ҳудуди сари йўлга чиқдик. Ҳаво булутли, тинимсиз ёмғир ёғмоқда. Маҳалланинг «Оромгоҳ» қишлоғига кириб келгунимизча бизни эгри-бугри, ўнқир-чўнқир, лой-балчиқ ички йўллар қарши олди. Машинадамиз-ку шунча қийинчилик... Бу ички йўлларда одамлар пиёда юришни қандай уддалашяпти?!

«Белигача» ботқоққа ботган машинадан тушаётганимиздагина, орадан салкам бир йил ўтиб, бизни яна ўша манзил, ўша одамлар қарши олганини эсладик. Ушбу ҳудуд — бундан 30 йилча аввал Зарафшон дарёси устида қурилган ва оғир юк машинаси ўтиши оқибатида қулаб тушган кўприк жойлашган манзил эди.
Ўшанда Жондор туманидаги 6 та қишлоқни бирлаштириб турган «Пўлоти» маҳалласида 8 500 нафардан ортиқ одам яшаши, кўприкнинг ўпирилиб тушгани нафақат маҳалла аҳолисига, балки туманга ҳам катта зарар келтираётгани юзасидан одамлар масъуллардан норозилик билдириб чиқишгани баён этилган эди. Орадан салкам уч ой вақт ўтиб, туман ҳокими ўз ваъдасининг устидан чиққан ва кўприк қайта тикланган эди.
Бу гал эса аҳоли айнан шу кўприкка туташ катта қатнов йўли масаласи халқнинг оғриқли дардига айланганини сўзлади.
— Тўғри, шағаллаштирилган. Лекин ўшанда у шағалмиди ёки тупроқ — англаш қийин бўлганди. Чунки қуёшли кунлар эди. Орадан кўп ўтмай, «шағал» ўз «ҳангомаси»ни бошлади: ёзнинг иссиғида чанг осмонга кўтарилди. «Шағал» дейишганидан асар ҳам қолмади. Билдикки, шағал деб тўкишгани тупроқдан бошқа нарса эмас экан. Гил қум бўлса ҳам майли эди-ку, ёмғир-қорни ўзига тортиб, йўл усти қуруқ турарди. Бу нима аҳволки, мана, ёғин-сочинли кунларда тупроқ экани маълум бўлиб қолди. Лой тиззагача... — дейди қишлоқ фуқароси Бахшулла Бобоев.

«Пўлоти» маҳалласи ҳудудидаги қатор ички йўлларнинг бугунги ҳолати маҳаллий аҳоли ва ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айнан «Оромгоҳ» қишлоғидаги ушбу йўл таъмирталаб аҳволга келганига 15 йилдан ошди. Ҳалигача асфалт кўрмаган бу йўллар одамларнинг турмуш тарзини оғирлаштириб, маҳаллий аҳоли учун ҳақиқий синовга айланган.
— Ўзи бор-йўғи бир километр ҳам чиқмайдиган йўл таъмирга муҳтож. Бу аҳоли ва автомобиллар учун асосий қатнов йўлидир. Нафақат биз, яна 15 дан ортиқ қишлоқ, қўшни Олот ва Қоракўл туманларидан яшовчилар ҳам айнан шу йўл орқали ўз манзилига қатнайди. Машинаси борлар-ку фарзандларини амаллаб мактабга етказиб қўяр, аммо қолганлар ёғингарчилик кунлари уйдан чиқолмай қолишади. Бу кетишда болаларимизнинг дарсларни ўзлаштириши, таълим сифати ортда қолиши аниқ, — дейди фуқаро Ғайбулло Бобоев.
Тиззасигача лойга ботган болалар
Дарҳақиқат, қишлоқ аҳолиси ёғин-сочинли кунларда фарзандларининг мактабга қатновидан хавотирда. Уларнинг сўзларига кўра, озода мактаб формасида чиқиб кетган ўқувчилар уйга тиззасигача лойга ботган ҳолда қайтишади. Бу ерда машиналар қатнови изчил бўлса-да, йўл четида пиёдалар йўлакчаси йўқ. Ўқувчилар машиналар билан рўпара келмаслик учун анҳор бўйлаб юришга мажбур. Афсуски, болаларнинг машиналардан қочаман деб лой сирпанчиғида ариққа тушиб кетиши қишлоқ аҳолиси учун одатий ҳолга айланиб улгурган.
— Болаларимиз мактабдан қайтгунча юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз. Охири бўлмади: ёғин-сочинли кунларда болаларни икки-уч кунлаб мактабга юбормасликка мажбур бўляпмиз. Йўлларимизни сифатли қилиб беришсин! Бундай ботқоқ кўчалардан чарчадик. Фарзандларимизни хавотирсиз мактабга жўнатайлик, — дейишди аёллар куйиниб.

«Биз келажак эмасмизми?» (Болалар кўзига тик қарашдан уялиш керак!)
Журналистик суриштирув давомида ёғин-сочинли кунлар сабаб бир неча кундан буён мактабга бора олмаётган ўқувчилар билан суҳбатлашдик. Уларнинг ўқишга интилиши баланд, қалбида «буюк инсон» бўлиш орзуси яшайди. Уларни тинглаймиз:
— Шаҳар ўқувчиларидан бизнинг қаеримиз кам? Нега кунора дарслардан қолишимиз керак? Катталар ҳеч бўлмаса, биз кичиклар учун йўлларимизни асфалтлаб беришсин. Ахир, биз катталар айтганидек, уларнинг келажаги эмасмизми? — дейишди улар.
Яна бир мактаб ўқувчисининг ўз келажаги ва ҳар кунги машаққати ҳақидаги ҳикояси ҳар қандай кишини ўйга толдиради. Болажоннинг беғубор истаги, аслида, бутун қишлоқнинг орзусига айланган:
— Онам мени озода кийимда мактабга кузатадилар, лекин мен уйга чанг ва лойга ботиб қайтаман. Машиналар ўтганда устимизга лой сачратади. Ёмғирли кунлари йиқилиб тушишдан қўрққанимиз учун ота-онамиз баъзан мактабга боришимизга рухсат беришмайди. Биз ҳам ҳамма қатори равон йўллардан мактабга боришни хоҳлаймиз.
Шу ҳудуддаги 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Жавлон Саидовнинг айтишича, биргина «Оромгоҳ» қишлоғининг ўзидан жами 175 нафар ўқувчи мактабга қатнайди.
Айнан фанларни ўзлаштириш керак бўлган ёшда катталарга бундай оғриқли саволлар билан мурожаат қилаётган болаларнинг кўзларига тик қарашдан биз-ку уялдик. Хўш, бу ишга масъул мутасаддилар уларнинг кўзига қандай қарашар экан?!
Чанг, лой ва хавф орасидаги ҳаёт
Йўл — қишлоқ аҳли учун шунчаки ҳаракатланиш воситаси эмас. У фарзандларнинг мактабга бориши, аҳоли саломатлиги ва кундалик ҳаёт сифатини белгиловчи муҳим омилдир. Қолаверса, йўлларнинг созланиши фуқаролар ва давлат ўртасидаги ижтимоий ишончни ҳам мустаҳкамлайди.

«Оромгоҳ» қишлоғининг бугунги манзараси ҳайдовчилар учун ҳам ҳақиқий синов майдонига айланган. Ҳайдовчи Сардор Одиловнинг таъкидлашича, қишлоққа кириш ва чиқиш тирикчилик воситаси бўлган техникаларга катта зарар, пиёдаларга эса оғир қийинчиликлар туғдирмоқда.
— Мен шу маҳаллада яшайман. Баъзан мижозларни уйигача олиб бораман, лекин кўпчилик ҳамкасбларим йўлнинг ҳолатини кўриб, ичкарига киришдан бош тортишади. Оқибатда одамлар ёзда чангга ботиб, қишда эса лой кечиб уйига етиб олишга мажбур бўлмоқда. Яқиндагина бир ўқувчи мактабга кетаётганда лой кўчада сирпаниб, муздек ариқ сувига тушиб кетгани ҳаммамизни ташвишга солди, — дейди у.

Бундай ҳолатлар ҳудудда тез-тез такрорланиши аҳолининг хавотирини янада кучайтирган. Йўл инфратузилмасининг абгорлиги ҳайдовчи ва йўловчилар ўртасидаги тушунмовчиликларга, аҳоли кайфиятининг тушишига олиб келмоқда. Айниқса, ёш болалар соғлиғининг хавф остида қолаётгани масала нақадар жиддий эканини кўрсатади. Чанг ва қум тўзонлари эса ҳудуднинг яна бир оғриқли нуқтасидир. Бундай ҳаво аллақачон турли нафас йўллари ва аллергик касалликларни келтириб чиқарган. Аҳолининг айтишича, айнан шу муаммо туфайли кексалар тез-тез муолажа олишга мажбур бўлмоқда.
Тез ёрдам» етиб киролмайдиган манзил
Жондор шаҳри ва Занги қишлоғи йўналишида қатновчи такси ҳайдовчисининг сўзларига кўра, машиналар қатнови қумни ҳавога кўтариб, атрофни нафас олиб бўлмас даражага келтиради.
— Қишлоқ аҳолиси чангдан чарчаганидан баъзан йўлларни тўсишгача боради. Деярли ҳар гал «машинани секин ҳайданглар», «тезликни пасайтиринг, чангиб кетди» каби гапларни қайта-қайта эшитамиз. Бироқ тезликни пасайтириш ҳам муаммога ечим бўлолмайди, чунки қуруқ тупроқ барибир ҳавога кўтарилаверади. Бу ҳолат йўл ҳаракати қатнашчилари ва йўл ёқасида яшовчи аҳолининг саломатлигига, озодалигига ва кундалик тинчлигига зиён етказмоқда. Одамлар ва ҳайдовчилар ўртасидаги бундай зиддиятлар йўлнинг сифатли асфалт қилиниши билангина барҳам топиши мумкин, — дейди у.
Энг ачинарлиси, қатнов йўлининг носозлиги тиббий ёрдам кўрсатиш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Фуқаро Нигора Ҳалимованинг айтишича, «тез ёрдам» чақирилганда машиналар йўлнинг ёмонлиги сабаб ичкарига кира олмайди. Бу эса инсон ҳаёти хавф остида қолган дақиқаларда жуда қимматга тушиши мумкин.
Журналистик суриштирув давомида ҳарчанд уринмайлик, «Пўлоти» маҳалласи раиси Эркин Ғуломовни «топиш»нинг имкони бўлмади. Аҳоли маҳалла раисидан норозилик билдирар экан, унинг халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўла олмаётганини таъкидлади. Одамлар йўлни таъмирлаш бўйича бир неча бор мурожаат қилишгани, бироқ маҳалла оқсоқоли бунга эътиборсиз қараётганидан шикоят қилишди.
Жондор тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси мутахассиси Умид Хўжаевнинг билдиришича, ушбу йўлни таъмирлаш масаласи бундан икки йил олдин Давлат дастурига киритилган. Бироқ молиялаштиришдаги муаммолар, яъни маблағ етарли эмаслиги масаланинг оқсоқланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Маҳалла раиси қанчалик хабардор?
Қайта-қайта уринишларимиздан сўнг манзилга етиб келган маҳалла раиси Эркин Ғуломов аҳоли билан учрашувда улар кутмаган хабарни маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «Оромгоҳ» қишлоғининг таъмирталаб бўлиб қолган 1 километрлик ушбу йўли вилоят ҳокимлигининг 2026 йилги дастурига киритилган. Раиси вилоят депутати билан бўлган суҳбатига таяниб, жорий йилнинг сентябр-октябр ойларигача йўллар асфалтлаштирилишини билдирди.
— Ҳозиргина вилоят депутати билан гаплашдим. Насиб бўлса, 2026 йилнинг сентябр-октябр ойигача бу масала ҳал этилади. Кейин бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетасизлар, — деди у аҳолига қарата. — «Пўлоти» маҳалласи учун ажратилган 3,5 километрлик асфалтлаштириш режасининг 1 километри айнан «Оромгоҳ»нинг шу манзилига йўналтирилган.
Бу маълумотлар қишлоқ аҳли учун узоқ кутилган хушхабар бўлиши мумкин, аммо бизда бу гаплар маҳалла раисининг вазиятни юмшатиш учун берган навбатдаги ваъдасидек таассурот қолдирди.
Биз халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши раиси Жамол Ашуров билан телефон орқали боғландик. Депутат ўз сўзида «Пўлоти» тумандаги аҳолиси энг кўп маҳаллалардан бири бўлса-да, негадир «Опен бюджет» жараёнларида уюшқоқлик билан қатнашмаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бундан икки баробар кичик бўлган маҳаллалар аҳолиси фаоллик кўрсатиб, ўз ҳудудларида бир қарич ҳам асфалтсиз йўл қолдиришмаган.
— Аммо «шундай экан» деб қараб турмаймиз. Ҳақиқатан ҳам «Пўлоти» ҳамда «Хўжаҳайрон» маҳаллаларидаги аянчли аҳволдаги йўлларни асфалтлаштириш учун ҳаракатларни бошлаймиз. «Оромгоҳ»даги ўша йўлнинг ҳар икки томони аллақачон асфалтланган, фақат ўртада бир километрга ҳам бормайдиган — тахминан 800 метрлик масофа қолган. Муаммо ечими учун юз фоиз ҳаракат қиламиз, — деди депутат.
Маҳалла раисининг режалари ва депутатлик сўровлари натижаси тез орада амалда ўз ифодасини топишига умид қиламиз.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жондор тумани ҳокими Жамшид Худоев билан суҳбатлашдик.
Ҳокимнинг таъкидлашича, Президент ташаббуси билан маҳаллий бюджетларга йўналтирилаётган қўшимча қиймат солиғи маблағлари тўғридан-тўғри инфратузилма объектларини яхшилашга сарфланади. Шу ўринда, ҳоким маҳалла раисининг қайси манбага таяниб аҳолига ваъда берганига аниқлик киритишини ҳамда бу масала бўйича у билан юзма-юз мулоқот ўтказишини маълум қилди.
Туман ҳокими ўз сўзида «Оромгоҳ» қишлоғи ўз номига хос бўлишини, кўп сонли аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган бу оғриқли масала, албатта, ўз ечимини топишини таъкидлади.
— Жорий йилнинг 1 июлидан маҳаллий бюджетга маблағлар туша бошлайди ва айнан шу ҳисобдан «Оромгоҳ» қишлоғи йўлида таъмирлаш, асфалтлаштириш ишларига киришилади. Шунингдек, маҳалланинг 2 километрлик ички йўлини шағаллаштириш ҳам режамизга киритилган. Жондорда бу йил ижтимоий соҳа ва қурилиш ишлари учун жами 4 миллиард сўм маблағ ажратилган, — деди Жамшид Худоев.
Туман ҳокими «Оромгоҳ»даги йўл муаммоси аниқ ечим топишини билдириб, ваъдалар бажарилишини таъкидлади. Шунга кўра, биз ҳам «Оромгоҳ»да йўл муаммоси аниқ ечим топишига ишонамиз. Чунки илгариги журналистик суриштирувларда ҳам айнан шу ҳоким сўзининг устидан чиққан эди.
Мавзуга қайтамиз.
Лайло Ҳайитова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter