«Бу бюрократия-ку!» – парламентда қабул қилинган қонун эътироз туғдирди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Давлат божи тўғрисида» ги қонуннинг 8-моддасига ўзгартириш киритишга доир қонун лойиҳаси қабул қилинди.
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров бу ҳақда маълум қилар экан, янги тартиб-қоида хорижда «Эл-юрт умиди» фонди кўмагида докторлик диссертациясини (PhD) ёзаётган тадқиқотчиларга бюрократик тўсиқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«(Янги қонун билан)«Эл-юрт умиди» фонди белгиланган муддатда илмий ишини ҳимоя қилолмаган докторантини судга бериш ва қилинган харажатларни фоизлари билан қайтариб олиш учун имтиёзли мурожаат ҳуқуқига эга бўлмоқда! Фонд суддаги ғалабаси билан ўзи танлаб олган докторантни илмий интилиши ярмида синдирилган, давлатдан ўн минглаб доллар қарздор, норози, биринчи имкониятдаёқ хорижга чиқиб кетиш йўлини излайдиган «умидсиз» га айлантириб беради», – деб ёзди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари.
Ўзи ҳам педагогика фанлари йўналишида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Алишер Қодировнинг фикрича, халқаро тажриба давлатлар илмий тадқиқот масаласида олимларни рағбатлантиришдан манфаат кўришини тасдиқлайди.
«Тўғри, муддат албатта бўлади, лекин олим янгилик яратиш йўлида қўшимча имконият керак эканлигини асослаб берса, нега уни жазолаш керак? Менимча, Фонд давлат пулини қайтариш билан, илмий тадқиқотга инвестиция қилиш мақсадларини адаштириб юбормоқда. Бу адашиш «Умид»да бўлганидек халқимиз кутаётган умидларини хориждан излаб юришимизга олиб келмаса бўлди. Қолаверса, бу оддий талаба эмас, олимни йўқотиш бўлади ва зарари пул билан ўлчанмайди», – дейди сиёсатчи.
Қонунчилик палатаси мажлисидаги муҳокамада «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова «Миллий тикланиш» партияси раҳбари танқид қилган янги тартибни оқлаган.
Хорижда турли йўналишларда илмий тадқиқот олиб бораётган юртдошларимиз ҳам «Эл-юрт умиди» фондининг белгиланган муддатда илмий ишини ҳимоя қилолмаган докторантни судга бериш ва харажатларни қайтариб олиш амалиётига эътироз билдирмоқда.
«Қонунчиликда тартиб ва ҳисобдорлик керак. Лекин PhD’ни оддий ўқув дастури каби тушуниш – жуда катта хато. Докторантура бу тайёр билимни ўзлаштириш эмас, янги билим яратиш жараёни. Янги билим эса календарга қараб пайдо бўлмайди. Уч йил кўп ҳолатда етарли эмас. Британия ва Австралия каби тизимларда ҳам PhD амалда кўпинча 4-5 йилга чўзилади, АҚШда эса бу жараён одатда янада узоқ – 5-6 йил, баъзан ундан ҳам кўпроқ давом этади. Шунинг учун «белгиланган муддатда тугатмади = самарасиз» деган мантиқ илм табиатига тўғри келмайди», – деб ёзди Австралия миллий университетида сиёсий фанлар йўналишида PhD диссертацияси устида ишлаётган тадқиқотчи Отабек Акромов.
Унга кўра, бундай ёндашув тадқиқот сифатини пасайтиради. Олим яхши иш қилишни эмас, тезроқ ишни «ёпиш» ни ўйлайди. Натижада чуқур, пухта ва оригинал изланиш ўрнига, шошилинч, хавфсиз, минимал талабни қондирадиган ишлар кўпаяди.
«Илмга босимни молиявий жазо орқали бериш – сифат эмас, қўрқувни келтириб чиқаради. Қўрқув натижасида эса яхши диссертация ёзилмайди; у фақат одамни муддат қувишга мажбур қилади. Бу ерда давлат пулини ҳимоя қилиш билан илмга сармоя киритиш ўртасидаги фарқ йўқолиб қоляпти. Илмий тадқиқотга ажратилган маблағ ҳар доим ҳам кафолатли ва тез қайтадиган инвестиция эмас. Унинг табиати бошқача: баъзи тадқиқотлар секин «пишади», баъзилари эса йўналишини ўзгартиради. Лекин айнан шу жараённинг ўзи илмнинг нормал мантиғи. Агар давлат олимга «ё ўз вақтида тугатасан, ёки фоизи билан қарздор бўласан» деса, у ҳолда давлат олим етиштирмаяпти, балки маъмурий қўрқув остида диплом ишлаб чиқариш тизимини қуради», – деб таъкидлади О.Акромов.
«PhD’ни 3 йилда тамомлаш асли жуда қийин масала. Фақатгина бир неча давлатларда бунга рухсат беради. Америкада PhD ўртача 4-6 йил. Кўплари ўртача 6-7 йил деганда тамомлайди. Оксфордда эса 3-5 йил беради. Аксарият одам 4-5 йил орасида тугатади», – дея муддат эмас, сифат бирламчи эканини урғулади Оксфорд университетида сунъий интеллект йўналишида PhD диссертация устида изланиш олиб бораётган юртдошимиз Иқболжон Собиров.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter