Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Параосиё ўйинлари ғолибларига табрик йўллади

Президент Параосиё ўйинлари ғолибларига табрик йўллади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев V ёзги Параосиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларига табрик йўллади.

Мусобақаларда Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 2 минг 600 нафардан зиёд кучли пара спортчи иштирок этди. Вакилларимиз қизғин ва муросасиз руҳда кечган беллашувларда 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медални қўлга киритди. 

Спорти жадал ривожланаётган Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон, Таиланд, Индонезия каби давлатлар жамоалари ортда қолдирилиб, Хитой Халқ Республикаси ва Япониядан кейин учинчи ўрин забт этилди. 

Пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева делегациямиз ҳисобига олтин медал тақдим этиш билан бирга жаҳон рекордини ўрнатди. Мадина Мухторова, Каромат Омонова ядро улоқтиришда, Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда, Наврўза Аҳмадова диск улоқтиришда, Хуршид Қодиров 100 метрга югуришда, Егор Болотов 100 метрга чалқанча сузиш ва 200 метрга комплекс сузиш дастурларида, делегациямиз таркибидаги энг ёш спортчиларимиздан 16 ёшли Лолахон Қодирова қизимиз 50 метрга эркин усулда сузишда Осиё рекордини қайд этди.

Бундан ташқари, пара велоспорт, пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика спорт турлари бўйича ҳам 16 нафар вакилимиз Параосиё ўйинлари рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Дмитрий Хорлин тўртинчи бор, Бобиржон Омонов, Ҳусниддин Норбеков, Қудратиллохон Маъруфхўжаев, Фахриддин Ҳамроев учинчи бор Параосиё ўйинлари шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Асила Мирзаёрова, Шаҳина Йигиталиева, Гулжоной Наимова, Рўза Қўзиева иккинчи маротаба қитъада тенгсиз эканини амалда тасдиқладилар.

Шунингдек, Мадина Мухторова, Наврўза Аҳмадова, Мубинабону Халилова рақибларига ҳеч бир имконият қолдирмасдан, икки карра, Хуршид Қодиров эса уч карра олтин медал соҳибига айланди.

"Сизлар Аичи–Нагоя майдонларидаги ёрқин ғалабангиз билан Янги Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракати юқори босқичга кўтарилгани, бу йўлда янги олтин авлод шаклланганини бутун дунёга намоён этдингиз.

Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ғалаба, эзгу мақсад ва юксак марра сари интиладиган инсонларсиз. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин!

Ишончим комил, Япония заминида эришилган натижа, тўпланган тажриба 2028 йил Лос-Анжелесда ўтадиган Паралимпия ўйинлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади", дея таъкидлади президент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг