Миш-мишлар ва ҳақиқат: Шимолий Корея раҳбари аслида Ким? (видео)
Xabar.uz сиз учун Ким Чен Ин — замонавий дунёда энг кўп муҳокама қилинадиган сиёсий шахслардан бири ҳақида қизиқ ва муҳим маълумотларни тақдим этади. Унинг шахсияти ва сиёсий фаолияти орқали сиз Шимолий Кореядаги ёпиқ тизим ва ҳокимият меросининг қандай шаклланганини билиб оласиз.
Бу видеода Ким Чен Иннинг ҳокимиятга келиши, унинг оилавий мероси — Ким Чен Ир ва Ким Ир Сен билан боғлиқ тарихий жараёнлар ҳақида сўз юритамиз. Шунингдек, унинг давлат бошқаруви, ҳарбий сиёсат ва мамлакат келажагига таъсирига ҳам назар ташлаймиз.
Ким Чен Ин — 2011 йилдан бери КХДР олий раҳбари ва 2012 йилдан буён Корея Ишчилар партияси (WPK) етакчиси. 1994 йилдан 2011 йилгача (вафотига қадар) Шимолий Кореянинг олий раҳбари бўлган Ким Чен Ир ва Ко Ёнг Хуининг учинчи ўғли. КХДР асосчиси ва олий раҳбари (1948–1994 йиллар) Ким Ир Сеннинг набираси.
2010 йил охирларидан Ким Чен Ин Шимолий Корея раҳбариятининг вориси сифатида кўрила бошланди. 2011 йил декабрида отасининг вафотидан сўнг давлат телевидениеси Кимни «Буюк ворис» деб эълон қилди. Ким Корея меҳнат партияси бош котиби ва давлат ишлари бўйича президент унвонларига эга. 2012 йил июл ойида у Корея халқ армиясининг энг юқори маршал унвонига кўтарилиб, Қуролли кучлар Олий қўмондони лавозимини мустаҳкамлади.
Шимолий Корея матбуоти уни кўпинча «Ҳурматли ўртоқ Ким Чен Ин» ёки «маршал Ким Чен Ин» деб атайди. У Ким Ир Сеннинг 1960-йиллардаги ҳам иқтисодиётни, ҳам ядровий қурол дастурини бир вақтда ривожлантиришга қаратилган сиёсатига содиқ қолмоқда.
Шимолий Корея мисолида тоталитар бошқарувнинг яққол намунасини кўришимиз мумкин. Худди отаси ва бобоси давридаги каби ҳозир ҳам шахсга сиғиниш чўққига кўтарилган. 2014 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг ҳисоботида Ким Чен Ин бир қатор жиноятлар учун судга тортилиши мумкинлиги айтилган эди. Маълумотларга кўра, у 2013 йилда Шимолий Кореянинг бир қатор амалдорларини, шу жумладан амакиси Чанг Сонг Тхекни қамоққа олиш ва қатл этишни буюрган. 2017 йилда Малайзияда ўгай акаси Ким Чен Намнинг ўлдирилишини буюрган, дейилади.
Ким Чен Ин даврида мамлакатнинг ядровий қурол дастури мунтазам кенгайишда давом этмоқда. Бу дастур АҚШ ва Жанубий Корея, шунингдек, Хитой билан кескинликнинг кучайишига олиб келди. 2018-2019 йилларда Ким Чен Ин Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин ва АҚШ президенти билан саммитларда қатнашди. Шимолий Корея ва икки давлат ўртасида қисқа ядровий қуролсизланиш бўйича муддатли келишувларга эришилди. Музокаралар охир-оқибат Кореяни бирлаштириш бўйича олдинга силжишсиз барбод бўлди.
Болалиги ҳақида
Шимолий Корея расмийлари ва давлат матбуоти Ким Чен Иннинг 1982 йил 8 январда туғилганини таъкидлашган, Жанубий Корея разведкаси расмийлари ҳақиқий сана бир йилдан кейинроқ, деб ҳисоблайди. Кимнинг расмий туғилган йили рамзий сабабларга кўра ўзгартирилган деган тахминлар ҳам йўқ эмас. 1982 йилда унинг бобоси Ким Ир Сеннинг 70 йиллиги, отаси Ким Чен Ир таваллудининг 40 йиллиги нишонланган. Маълумотларга кўра, 2024 йилда Ким ўзининг 40 ёшини нишонлаган бўлиб, унинг туғилган йили аслида 1984 йил экани айтилган.
Ким Чен Ирнинг барча фарзандлари Швейцарияда яшагани ҳақида маълумотлар бор. Ким Чен Ин 1993–1998 йилларда Швейцариянинг Берн халқаро хусусий мактабида «Чол-пак» ёки «Пак-чол» исми билан ўқиган. У синфдошлари билан яхши тил топишадиган, баскетбол ишқибози сифатида тасвирланган. Уни ёши каттароқ талабалар қўриқлаган. Катта акаси Ким Чон Чхол ҳам у билан бир мактабда ўқиган.
Ким Чен Ин 1998 йилдан 2000 йилгача Шимолий Корея элчихонаси ходимининг ўғли сифатида Берн яқинидаги давлат мактабида «Пак-ун» ёки «Ун-пак» исми билан ўқигани маълум бўлган. Расмийлар ўша даврда мактабда шимолий кореялик талаба бўлганини тасдиқлашган. Ким дастлаб чет тилдаги болалар учун махсус синфда ўқиган. 2000 йилнинг кузида мактабни тўсатдан тарк этган. Баскетбол ўйнашни яхши кўрадиган ўқувчи бўлган, баҳолари ва давомат рейтинги ёмон бўлгани айтилади. Шимолий Кореянинг Швейцариядаги элчиси Ри Чхол унинг мураббийи бўлган дейилади. Синфдошларидан бири журналистларга Ким Чен Ин Шимолий Корея етакчисининг ўғли эканлигини айтган.
2012 йил апрелида Ким Чен Ин Швейцарияда 1991–1992 йилларда яшаганини тасдиқловчи янги ҳужжатлар пайдо бўлди.
Франциянинг Лион университети қошидаги анатомик антропология лабораторияси баъзи мактаблардан олинган Кимнинг суратини 2012 йилдаги Ким Чен Иннинг сурати билан солиштирди. Юзлар 95 фоиз мувофиқлиги маълум бўлди ва катта эҳтимол билан улар битта шахс, деган хулосага келинди.
Аксарият таҳлилчилар Ким Чен Ин 2002 йилдан 2007 йилгача Пхеняндаги етакчи офицерлар тайёрлаш мактаби — Ким Ир Сен университетида ўқиганини айтишади. Ким Ир Сен номидаги Пхенян университетида физика бўйича бакалавр даражасини, Ким Ир Сен номидаги ҳарбий университетда зобит даражасини олган.
Баъзи манбаларда айтилишича, Ким ва унинг отаси 1996 йил 26 февралда Бразилия томонидан берилган сохта паспортлардан турли мамлакатларга виза олиш учун фойдаланган. 10 йиллик муддатга берилган иккала паспортда «Бразилиянинг Прагадаги элчихонаси» муҳри бор.
Кўп йиллар давомида Ким Чен Иннинг фақат битта тасдиқланган фотосурати Шимолий Кореядан ташқарида мавжудлиги маълум бўлган. Сурат 1990-йилларнинг ўрталарида олингани тахмин қилинади. Баъзида унинг бошқа тахмин қилинган тасвирлари пайдо бўлган, аммо кўпинча бу баҳсли мавзуга айланган. Фақат 2010 йил июн ойида, унга расмий лавозимлар берилиши ва Шимолий Корея халқига таништирилишидан бир оз олдин, Швейцарияда мактабда ўқиётган пайтида олинган расмлари кўпроқ чиқарилди. Биринчи расмий сурат 2010 йил сентябрда чиқарилган. Суратда меҳнат партияси конференциясида биринчи қаторда, отасининг ёнида ўтиргани кўринади.
Ким Чен Иннинг ворислиги
2010 йилгача Ким Чен Иннинг акаси Ким Чон Нам президентликка асосий ворис сифатида кўрилган. У 2001 йилда сохта паспорт билан Японияга киришга уринишида қўлга олинган эди. Ким Чон Нам 2017 йилда Малайзияда КХДР махсус хизмат зобитлари томонидан ўлдирилган.
Барно Мелиқулова,
журналист


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter