Ўзбекистонда пиллачилик Буюк ипак йўлидан 2 минг йил аввал пайдо бўлган — тадқиқот
Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Хитойда хонакилаштирилган ипак қурти Марказий Осиёга қарийб 4 минг йил аввал, яъни Буюк ипак йўли шаклланишидан қарийб икки минг йил олдин етиб келганини аниқлашди. Бу ҳақда China Daily хабар берди.
Бу хулоса қадимги дунёда ипакнинг тарқалиши ҳақидаги кенг тарқалган қарашларга шубҳа уйғотиб, Евроосиёдаги илк глобаллашув жараёнлари ҳақидаги тасаввурларни қайта кўриб чиқишга асос бўлмоқда.
Тадқиқот хулосалари 2017–2019 йилларда Хитой ва Ўзбекистон олимлари томонидан Ўзбекистон жанубидаги бронза даврига оид Сополлитепа археологик ёдгорлигида олиб борилган дала тадқиқотлари давомида топилган учта қуритилган ипак қурти пилласи ҳамда тут дарахти ёғочи қолдиқлари таҳлилига асосланган.
Хитой, Ўзбекистон, Германия ва АҚШнинг олтита илмий муассасаси олимлари иштирокида ўтказилган тадқиқот натижалари 23 июлда Science Advances илмий журналида эълон қилинган.
Ипак қуртини хонакилаштириш ва ипак ишлаб чиқариш технологияси қадимги Хитойда пайдо бўлган. Геном ва археологик маълумотлар бу жараён тахминан 8,5 минг йил — 5 минг йиллар бурунги даврда юз берганини кўрсатади. Бироқ хитой ипаги мамлакат ташқарисига илк бор қачон ва қандай йўл билан тарқалгани узоқ йиллар давомида олимлар ўртасида баҳсли масала бўлиб келган. Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича, хитой ипаги ғарбга Хан сулоласи (милоддан аввалги 206 йил – милодий 24 йил) давригача тарқалмаган. Чунки Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўли айнан Хан сулоласи даврида шакллана бошлаган.
Янги тадқиқот эса узоқ йиллар давомида устувор бўлиб келган ушбу қарашни рад этмоқда.
«Оқсиллар таҳлили орқали биз учта пилла инсон парваришисиз ва тут дарахти баргларисиз яшай олмайдиган хонаки тут ипак қурти — Bombyx mori турига мансублигини аниқладик. Шунингдек, уларнинг ёши тахминан 4 минг йил эканини ҳам белгиладик», — деди тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Чунцин шаҳридаги Жануби-Ғарбий университет профессори Ся Циню.
Тадқиқотга раҳбарлик қилган, Хитой ФАга қарашли Умуртқалилар палеонтологияси ва палеоантропологияси институти илмий ходими Чжоу Синьин жамоа нафақат ипак қурти пиллаларини, балки тут дарахти етиштирилганини тасдиқловчи далилларни ҳам аниқлаганини маълум қилди.
«Бу Марказий Осиёдаги аҳоли жамоалари Буюк ипак йўли очилишидан анча аввал ипак ишлаб чиқаришни бошлаганини англатади. Шунингдек, бу Хитойда яратилган ноёб технология ўз ватани чегарасидан анча узоқларга тарқалганини кўрсатади», — деди Чжоу.
Сополлитепа ёдгорлигидан олинган тупроқ намуналари таркибидан учта ипак қурти пилласи, шунингдек, минглаб ўсимлик қолдиқлари топилган. Сканерловчи электрон микроскоп ёрдамида ўтказилган таҳлил уларнинг толали тузилиши Bombyx mori пиллаларига мос келишини кўрсатган.
Қадимий толаларнинг қалинлиги ҳозирги хонаки ёки ёввойи ипак қуртлари толаларига нисбатан анча ингичка бўлган. Бу эса улар ипак қуртини хонакилаштириш жараёнининг дастлабки босқичига мансуб бўлиши мумкинлигини англатади.
Хитой Фанлар академиясига қарашли Умуртқалилар палеонтологияси ва палеоантропологияси институти илмий ходими Шен Хуэйнинг маълум қилишича, тадқиқотчилар ўрганган учта археологик ёдгорлик — Сополлитепа, Жарқўтон ва Мўлалидан тут дарахти кўмири қолдиқлари топилган.
«Ёқилғи сифатида ишлатилган тут дарахти кўмирининг улуши Сополлитепада 10 фоизни ташкил этган бўлса, Мўлалида бу кўрсаткич 60 фоизга етган. Бу вақт ўтиши билан тут дарахти етиштириш кўлами кенгайганини кўрсатади», — деди Шен.
Унинг сўзларига кўра, тадқиқотчилар жануби-шарқий Ҳимолай ҳудудига хос цитрус дарахти қолдиқларини ҳам аниқлаган. Бу эса Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқалар анча қадим даврларга бориб тақалишини яна бир бор тасдиқлайди.
Олимлар Осиёда тут дарахтига оид археологик топилмаларни таҳлил қилиш асосида ипакчилик анъанаси Хитойдан Марказий Осиёга машҳур шимолий Буюк ипак йўли йўналиши орқали эмас, балки дастлаб Ҳимолай тоғларининг жанубий ёнбағирлари бўйлаб тарқалган, деган хулосага келди.
«Бу кашфиёт ипакчилик тарихи илк глобаллашув жараёнларининг кенгроқ манзарасига уйғунлаштиради. У милоддан аввалги учинчи ва иккинчи минг йилликларда Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида тариқ, буғдой, чорвачилик ва металлургия технологияларининг тарқалиши билан бир қаторда ривожланганини кўрсатади», — деди Чжоу.
Унинг таъкидлашича, бу натижалар қарийб 4 минг йил аввал Евроосиё бўйлаб яшаган жамоалар умумий билим ва технологиялар тармоқлари орқали ўзаро боғланганини кўрсатади. Бу эса олимлар аввал ҳисоблаб келганидан анча эртароқ даврга тўғри келади.
Олинган натижалар бронза даври Осиёсида ипакчиликнинг турли шакллари мавжуд бўлган-бўлмагани ҳақида ҳам янги саволларни кун тартибига олиб чиқади.
«Бу кашфиёт Хитойнинг энг муҳим ихтироларидан бири дунёнинг бошқа ҳудудларига қачон ва қайси йўллар орқали тарқалгани ҳақидаги мавжуд хронология ва тасаввурларни қайта кўриб чиқишга ундайди», — деди Чжоу.
Унинг қўшимча қилишича, келгуси тадқиқотлар ипакчилик Марказий Осиёга етиб келганидан кейин қандай ривожлангани ва турли йўналишларда шаклланганини ўрганишга қаратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter