Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Golden Seeds Club 2026»: Huawei компаниясида ҳамкорлар учун «100-person ICT Excellence Program» дастурининг биринчи йили якуни сарҳисоб қилинди

«Golden Seeds Club 2026»: Huawei компаниясида ҳамкорлар учун «100-person ICT Excellence Program» дастурининг биринчи йили якуни сарҳисоб қилинди

30 июль куни Huawei компанияси офисида ҳамкорлар экотизимининг 100 нафар иқтидорли мутахассисларини тайёрлашга қаратилган “100-person ICT Excellence Program” таълим дастурининг фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Дастур ва “Golden Seeds Club 2026” клуби фаолияти йўлга қўйилганидан буён Ўзбекистондаги Huawei ҳамкорлари сафидаги АКТ соҳаси мутахассислари таълим курсларида қатнашиб, халқаро сертификатларга эга бўлдилар. 37 нафар иштирокчи тармоқ инфратузилмасини ривожлантириш, маълумотларни сақлаш тизимлари ва кампус тармоқларини қуриш йўналишларида технологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз салоҳиятини кенгайтирди.

Кириш нутқида Huawei Enterprise ечимлари ва савдолари бўйича директори Цун Цзян (Cong Jian) маҳаллий ҳамкорларнинг ушбу таълим ташаббусидаги иштирокини юқори баҳолади. “Ўзбекистонда турли соҳа ва тармоқларнинг кенг кўламли рақамлаштирилиши интеллектуал технологияларни ўз вақтида жорий этишни талаб қилмоқда. Шу сабабли барқарор АКТ инфратузилмасига, шунингдек, малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ҳамкор ташкилотларимиз мутахассисларининг фаол иштироки туфайли биз маҳаллий экспертларни ўқитиш ва уларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш имконига эга бўлдик. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда интеллектуал трансформацияни жадаллаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади”, — деди Цун Цзян ҳамда дастур иштирокчиларини таълим курсларини муваффақиятли якунлаб, халқаро эксперт сертификатини қўлга киритгани билан табриклади.

Тадбир давомида Huawei экспертлари ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича янгиланган дастур, шунингдек, ҳамкорлик экотизимини янада ривожлантириш режалари билан таништирдилар. Ҳамкорлар билан ишлаш департаменти раҳбари Чжан Хаоци (Zhang Haoqi) Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги ҳамкорлик тизимининг 2026-йил биринчи ярмидаги натижалари ҳақида ҳисобот тақдим этди ва компания ҳамкорларни аниқлаш ҳамда уларни ихтисослаштириш йўналишларида тарихий ютуқларга эришганини таъкидлади. Таълим дастури иштирокчиларидан уч нафари сотувдан олдинги хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича HCSE сертификатига эга бўлди.

Ўз навбатида, ҳамкорлар Huawei компанияси билан ҳамкорлик тажрибаси, малака ошириш жараёнлари, рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган лойиҳаларнинг муваффақиятли мисоллари ҳамда компаниянинг Хитойдаги бош қароргоҳида ўтказилган тренинглардаги иштироки ҳақида ўз фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Fors CA Solutions компанияси муҳандиси Лазизбек Абдураҳимов Ўзбекистонда ҳамкорлар орасида маълумотларни сақлаш тизимлари йўналиши бўйича HCSE даражасидаги сертификатни қўлга киритган илк мутахассис бўлди. У Huawei компаниясининг Хитойдаги бош қароргоҳида ўтказилган тренингда қатнашиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди ва сертификатга эга бўлди. “Таълим дастури доирасида Хитойда малака ошириш курслари ташкил этилди. Ушбу курслар давомида Huawei компаниясининг ишлаб чиқариш қувватлари намойиш этилди ва маҳаллий экспертлар томонидан тренинглар ўтказилди. Ташриф профессионал компетенцияларимни сезиларли даражада ошириш имконини берди. Мазкур таълим дастури эса келгусида рақамли лойиҳаларни ривожлантириш учун ажойиб моддий-техник ва билим базаси ҳисобланади”, — деди Лазизбек Абдураҳимов.

Ечимлар ва маркетинг бўйича эксперт Ван Чже (Wang Zhe) Huawei ҳамкорлари учун 2026-йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган янгиланган сертификатлаш тизимини тақдим этди. Ўз нутқида Ван Чже Huawei ҳамкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилишини таъкидлади. Бу қўллаб-қувватлаш ечимларни тақдим этиш, POC (Proof of Concept — концепцияни амалий синовдан ўтказиш), конфигурация ва ҳисоб-китобларни тайёрлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли бизнес натижаларига эришиш учун ечимларни лойиҳалаштириш каби йўналишларни қамраб олади.

100-person ICT Excellence Program” дастури Huawei компаниясининг Ўзбекистонда АКТ истеъдодларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш стратегиясининг бир қисмидир. Бугунги кунда Huawei компанияси бўлажак мутахассислар ва Ўзбекистон АКТ бозорининг амалдаги иштирокчиларини илғор технологиялар бўйича билимлар билан таъминлашга қаратилган қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Жумладан, олий таълим муассасалари талабалари ва ўқитувчилари учун Ўзбекистондаги 20 та университетда ташкил этилган Huawei АКТ Академиялари негизида ўқув курслари ва халқаро сертификатлаш имкониятлари мавжуд. Ҳар йили АКТ Академиялари талабалари ўз билим ва кўникмаларини Huawei ICT Competition танловида синовдан ўтказадилар. Бу йил Ўзбекистондан иштирок этган икки жамоа Шенчженда бўлиб ўтган Huawei ICT Competition 2025–2026 глобал финалида фахрли ўринларни эгаллади. Мактаб ўқувчилари ҳамда Ўзбекистоннинг барча аҳолиси ҳам компаниянинг таълим курсларидан фойдаланиш имкониятига эга. Бугунги кунда “5 million AI Leaders” платформасида компаниянинг 24 та курси, жумладан, сунъий интеллект технологияларини ўрганишга бағишланган курслар ҳам мавжуд.

Тадбир якунида фаол иштирок этган ҳамкорлар ва сертификатлашдан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга мукофотлар топширилди. Шунингдек, меҳмонлар учун компаниянинг кўргазма залига (showroom) экскурсия ташкил этилди.

Huawei компанияси Ўзбекистонда 26 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб, маҳаллий ҳамкорлик экотизимини ривожлантириш, инновацион технологиялар бўйича билимларни ошириш ва ёш АКТ истеъдодларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Компания мунтазам равишда ўзининг йирик саммит ва форумларини ўтказади, шунингдек, йирик халқаро ва маҳаллий тадбирларда фаол иштирок этади. Huawei компанияси 2026-йил 9–16-август кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Информатика бўйича Халқаро Олимпиадаси — IOI 2026 ҳомийси сифатида иштирок этади. Шунингдек, 2026-йил сентябрь ойида Huawei анъанага кўра Ўзбекистон АКТ соҳасининг энг йирик тадбири — ICTWEEK UZBEKISTAN 2026 ҳафталигида “Gold Partner” мақомида қатнашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг