Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

OpenAI ўсмирлар учун алоҳида ChatGPT’ни ишга туширди

OpenAI ўсмирлар учун алоҳида ChatGPT’ни ишга туширди

Фото: The Guardian

OpenAI 13–17 ёшли ўсмирлар учун махсус мослаштирилган «ChatGPT for Teens» версиясини ишга туширди. Янги версияда ўсмирларнинг ёши ва эҳтиёжларига мос хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Янги тизимда ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи жароҳатлаш, шунингдек романтик ёки ахлоқсиз мазмундаги мулоқотларга нисбатан қўшимча чекловлар жорий этилган.

OpenAI маълум қилишича, мақсад ўсмирларни сунъий интеллектдан хавфсиз ва ёшига мос тарзда фойдаланишга йўналтиришдир. Компания вакиллари ўсмирларга болалардек муносабатда бўлмасдан, уларни ёшига мос бўлмаган материаллардан ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, ўсмирлар билан мулоқотда чатбот ўзини шахсий ҳис-туйғулари бордек кўрсатиши ёки онгли эканини англатиши мумкин эмас.

Ота-оналар фарзандининг боғланган аккаунти орқали «тинч соатлар»ни белгилаши мумкин. Бу вақтда ўсмир ChatGPT’дан фойдалана олмайди.

Юқори хавфли айрим ҳолатларда, жумладан, фойдаланувчи ўзини жароҳатлаши эҳтимоли мавжуд бўлганда, ота-оналарга хавфсизлик билдиришномалари юборилади. Овқатланиш билан боғлиқ бузилишлар бўйича ҳам қўшимча огоҳлантиришлар жорий этилмоқда.

Ота-она назоратидан фойдаланиш учун ўсмир ва унинг ота-онаси ёки васийси тизимга алоҳида розилик бериши керак. Бироқ OpenAI таъкидлашича, мақсад назорат воситалари ёқилмаган ҳолатда ҳам тизимни хавфсиз қилишдан иборат.

Компания фойдаланувчиларнинг ёшини тўғридан-тўғри тасдиқламайди. Тизим сўровлар хусусияти каби маълумотлар асосида фойдаланувчи 18 ёшдан кичик бўлиши мумкинлигини баҳолайди ва вояга етмаган деб топилган шахсни ўсмирлар версиясига ўтказади.

«ChatGPT for Teens» уй вазифалари ва ўқишда ёрдам бериш учун ҳам мослаштирилган. Унинг асосий ёндашуви тайёр жавоб ёки иншони тақдим этиш эмас, балки ўқувчини мустақил равишда ечим топишга йўналтиришдан иборат. Бу ёндашув ўсмирларнинг сунъий интеллектдан фақат тайёр жавоб олиш учун эмас, билим ва кўникмаларини ривожлантириш воситаси сифатида фойдаланишини кўзлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг