Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

ТИВ Афғонистонда ўзбек тили чекланаётгани бўйича хабарларни изоҳлади

ТИВ Афғонистонда ўзбек тили чекланаётгани бўйича хабарларни изоҳлади

Фото: Subh Daily.

Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда ўзбек тили чекланаётгани бўйича хабарларни изоҳлади

Ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи, ундан кенг ва самарали фойдаланиш ҳамда она тилимизни жаҳон ҳамжамиятида муносиб тарғиб этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир ва доимий эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. 

Сўнгги кунларда айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига гўёки чекловлар жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур маълумотлар жамоатчиликда табиий равишда муайян хавотир уйғотди. 

Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан вазиятга ойдинлик киритган. 

Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этди. 

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тилда — пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган. 

«Шунингдек, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Афғонистон ҳукумати томонидан тарихда илк бор Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида «Ўзбек тили ва адабиёти» факультетини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди», дейилади хабарда. 

Izohlar 0

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring