2200 йилгача Ер аҳолиси сонини икки баравар камайтириш таклиф этилди
Халқаро олимлар гуруҳи томонидан Ерга экологик босимни камайтиришга қаратилган узоқ муддатли демографик сценарий ишлаб чиқилди, деб ёзмоқда Sustainable Development журнали. Бу сценарий бўйича 2200 йилгача дунё аҳолиси сони ҳозирги 8,3 миллиарддан босқичма-босқич 4 миллиардгача камайиши мумкин экан.
Аҳоли сонининг аста-секин қисқариши табиий ресурслар сарфини камайтиради, атроф-муҳит ифлосланишини чеклайди, сув, унумдор ерлар ва озиқ-овқатга бўлган босимни енгиллаштиради. Бу эса ёввойи табиатнинг тикланиши учун кенгроқ имконият яратади, дейилади тадқиқотда.
Бу мақсадга ҳеч қандай мажбурлаш орқали эмас, фақат ихтиёрий йўл билан эришиш мумкинлиги таъкидланмоқда. Оилани ихтиёрий режалаштириш имкониятларини кенгайтириш ва, айниқса, даромади паст мамлакатларда қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш энг самарали йўл экани қайд этилган.
«Аёллар фарзандлар сонини мустақил ҳал қила олган жойларда туғилиш даражаси, одатда, аҳоли сонини барқарор сақлаш учун зарур бўлган кўрсаткичга ёки ундан ҳам паст даражага тушади», — дейилади тадқиқотда.
Муаллифлар фикрича, бундай ёндашув, айниқса, сув ва бошқа ресурслар танқис бўлган ҳудудлар учун муҳим аҳамиятга эга. Аҳоли сонининг секинроқ ўсиши иқтисодиёт ва инфратузилмага тушадиган босимни камайтириб, узоқ муддатда ҳаёт сифатининг яхшиланишига хизмат қилиши мумкин.
Гап шошилинч ёки кескин чоралар ҳақида эмас, балки қарийб икки аср давомида табиий тарзда кечиши мумкин бўлган демографик ўзгариш ҳақида кетаётганини олимлар алоҳида таъкидлашган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter