Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ дипломати сиёсатчилар эслашни хушламайдиган қалтис мавзудан гап очди

АҚШ дипломати сиёсатчилар эслашни хушламайдиган қалтис мавзудан гап очди

Фото: AP

Сўнгги 80 йил ичида АҚШ иштирокида дунё бўйлаб 93 та давлат тўнтариши ёки тузум ўзгариши амалга оширилган. Бу ҳақда АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак «The National» нашрига берган интервьюсида гапирди.

Дипломат АҚШ томонидан 2003 йилда ишғол қилинган Ироқдаги вазият ҳақида гапираркан, Вашингтон 20 йиллик фожиавий давр мобайнида 3 триллион доллар сармоя сарфлагани, бир неча юз минг киши ҳалок бўлгани, аммо мурод ҳосил бўлмаганини қайд этган.

АҚШ олиб борган ҳарбий амалиётдан кейин Ироқда Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилган эди. АҚШ дипломатига кўра, мамлакат шимолидаги гуруҳлар янги давлат тузишда иштирок этишни хоҳламагани сабаб Ироқда федерал тизим жорий этилди. У АҚШ Сурияда ҳам ушбу хатони такрорлаши ва ягона мамлакат парчаланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«(Суриядаги гуруҳлар) мухторият исташи мумкин. Улар ўзига хос маданият, тил, мактаб, ҳатто маҳаллий армияга эга бўлиши мумкин. Муаммо шундаки, бу Югославиядаги каби «болқонлашув»га олиб келади. У ерда ҳам худди шундай йўл тутганмиз: «Биз ягона федератив модель борасида келиша олмаймиз, демак, мамлакатни етти қисмга бўлиб ташлаймиз». Бу кўз очиб юмгунча рўй беради ва улар бир-бири билан урушишга тушади. Ироқда ҳам шундай бўлган эди», – дейди элчи Том Баррак.

Дипломат Ироқда ҳали-ҳамон тартибсизлик ҳукм сураётганига эътибор қаратган.

«Ироқда бошбошдоқлик авж олган. Эрон эса Ироқ учун беаёв курашмоқда. Ёдингизда бўлса, Ироқ суннийлар назорати остида эди. Саддам Ҳусайнга қўлланган сценарий Ливиядаги сценарийдан фарқ қилмайди. Биз (Муаммар) Қаззофий ва Ливияга нисбатан ҳам ўшандай йўл тутдик: «Келинг, мамлакатни икки қисмга бўламиз, федерал тартиб жорий қиламиз». Аммо бу ҳеч қачон иш бермаган», – дейди дипломат.

АҚШ Яқин Шарқда «инсоний манфаатлар ва кучлар мувозанатини кўзлаши»ни қайд этган Том Баррак Вашингтон ўнлаб давлат тўнтаришларига аралашиб қолганини тан олган.

«Аслида режимларни ўзгартириш ўзини оқламаган. 1946 йилдан кейинги даврга нигоҳ ташласак, АҚШ аралашуви билан қарийб 93 та давлат тўнтариши ёки тузум ўзгариши амалга оширилганини кузатиш мумкин. Аксари муваффақиятсиз хотима топган. Шу боис (АҚШ давлат котиби Марко) Рубио ва (президент Дональд) Трамп тузум ўзгаришини қўллаб-қувватламайди, балки масалани минтақа аҳлининг ўзига ҳавола этган ҳолда ҳудудий ечимни дастаклайди», – дейди у.

Маълумот ўрнида: Халқаро тинчлик учун Карнеги фондининг Америка давлатчилиги бўйича дастури директори Крис Чиввиснинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақоласида ҳам АҚШ томонидан Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкасида амалга оширилган сиёсий тўнтаришларнинг қалтис оқибатлари таҳлил этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг