Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ шов-шувли ўғрилик ортида ким турганини маълум қилди

АҚШ шов-шувли ўғрилик ортида ким турганини маълум қилди

Фото: Shutterstock

Жорий ҳафта Binance криптовалюта биржасига уюштирилган йирик ҳакерлик ҳужуми ортида Шимолий Корея турибди. Бу ҳақда АҚШ Федерал тергов бюроси маълум қилди.

«2026 йил 29 октябр куни Binance криптовалюта биржасидан 6 миллиард доллардан зиёд виртуал активларни ўғирлаш учун жавобгарлик Корея Халқ Демократик Республикаси гарданида», — дейилади Федерал тергов бюроси баёнотида.

Қайд этилишича, Шимолий Корея ҳукумати дастаклайдиган TraderTraitor ҳакерлик гуруҳи сўнгги кунларда киберфаоллик кўрсатган ва ўғирланган активларни Ethereum платформасида конвертация қилган. 

TraderTraitor 2020 йилдан буён зарарли дастурлар орқали криптовалюта ва блокчейн тизимларига ҳужум қилгани айтилади.

Аввал хабар берганимиздек, дунёда энг йирик саналган Binance криптобиржаси хавфсизлик билан боғлиқ муаммо юз берганини расман тан олди.

Тахминларга кўра, ҳакерлар компания дастурчиларидан бирининг ноутбукини бузиб кириб, криптобиржадан маблағларни ўғирлаган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий зарар тахминан 6,3 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Binance компанияси бош директори Ричард Тенг ўғирланган барча маблағлар қоплаб берилишини айтган.

АҚШ Федерал тергов бюросининг ушбу шов-шувли ўғрилик бўйича хулосаси экспертлар фикри билан уйғун келганини кузатиш мумкин. Бир муддат олдин криптовалюта транзакцияларини кузатувчи таҳлилчилар ҳам ушбу ҳужумни Шимолий Кореянинг Lazarus гуруҳига тегишли TraderTraitor бўлинмаси билан боғлаган эди.

Шимолий Корея ҳукуматига яқин ҳакерлар гуруҳи кўп йиллардан буён маблағ ўғирлаш билан шуғулланиб келади.

Microsoft компанияси тайёрлаган киберхавфсизликка доир ҳисоботга кўра, улар 2017-2024 йилларда 3 миллиард доллар миқдоридаги криптовалюталарни ўғирлашга муваффақ бўлган.

БМТ ҳам Пхенян ҳукумати назоратидаги ҳакерлар 2022 йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги маблағларни ўмарганини тасдиқлаган.

Ким Чен Ин маъмуриятининг ядро тадқиқотлари ва ракета синовлари дунё аҳлини ташвишга солаётгани маълум. Ўмарилган маблағлар айнан Пхеняннинг ядро дастурини молиялаштиришга йўналтирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг