Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Арманистон: Пашинян партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди

Арманистон: Пашинян партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян раҳбарлик қилаётган «Фуқаролик шартномаси» партияси парламент сайловларида ғалаба қозонди. Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, барча бюллетенлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин партия 49,81 фоиз овоз тўплаган.

Унинг асосий рақиби – Россия ва Арманистон фуқаролигига эга миллиардер Самвел Карапетян бошчилигидаги «Кучли Арманистон» блоги 23,29 фоиз овоз олган.

Парламентга яна собиқ президент Роберт Кочаряннинг «Арманистон» блоги ҳамда «Фаровон Арманистон» партияси ҳам киришга муваффақ бўлди. Улар мос равишда 9,94 ва 4 фоиз овоз тўплаган.

Сайловларда қатнашиш даражаси 59 фоизни ташкил этди.

Никол Пашинян натижаларни «Арманистоннинг абадийлиги ва тараққиётини таъминлайдиган тарихий ғалаба» деб баҳолади. У мамлакатнинг Ғарб билан яқинлашиш сиёсатини давом эттиришини, бир вақтнинг ўзида Россия билан муносабатларни ҳам сақлаб қолишини таъкидлади.

«Арман халқи фаровонлик ва минтақавий ҳамкорлик учун овоз берди. Биз Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчликни институционаллаштиришимиз керак», – деди бош вазир.

Сайловлар Арманистоннинг ташқи сиёсий йўналиши бўйича ўзига хос референдум сифатида баҳоланмоқда. Сўнгги йилларда Пашинян ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини фаоллаштириб, Москвага қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Россия эса Арманистоннинг Европа билан яқинлашишини танқид қилиб келмоқда. Сайловлар арафасида Москва бир қатор арман маҳсулотларининг импортини чеклагани ҳам кузатувчилар томонидан иқтисодий босим сифатида баҳоланди.

Сайлов кампанияси давомида томонлар ўзаро кескин айбловлар билан чиқиш қилди. Тергов қўмитаси маълумотига кўра, овоз бериш жараёни билан боғлиқ қонунбузилишлар юзасидан 59 та жиноят иши қўзғатилган ва тўққиз киши қўлга олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг