«Артемида-2» Ерга қайтяпти
«Артемида-2» экипажи: мутахассислар: Кристина Кох ва Жереми Хансен, учувчи Виктор Гловер ҳамда бошқарувчи Рид Уайзман
«Артемида-2» миссияси иштирокчилари тарихий парвоздан сўнг Ерга қайтишнинг энг хавфли босқичига кирмоқда.
Маълум қилинишича, «Орион» капсуласи Калифорния соҳиллари яқинида Тинч океанига қўнади.
Экипаж сўнгги кунни қайтишга тайёргарлик билан ўтказмоқда – улар атмосферага кириш ва қўниш жараёнларини қайта кўриб чиқмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, атмосферага кириш энг хавфли босқич ҳисобланади. Космик кема Ерга 40 минг км/соатдан ортиқ тезликда кириб келади ва ҳарорат тахминан 2700 даражагача етади.
Капсула атмосферага киргандан сўнг бир неча дақиқа алоқа узилади. Бу вақтда атрофдаги ҳаво плазмага айланиб, сигналларни тўсиб қўяди.
Шундан кейин парашютлар очилиб, кема тезлиги кескин пасайтирилади ва Тинч океанига юмшоқ қўниш амалга оширилади.
Қўниш жойида қутқарувчилар тайёр ҳолда бўлади. Астронавтлар икки соат ичида эвакуация қилиниши, 24 соат ичида эса қуруқликка олиб чиқилиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, ушбу миссия иштирокчилари Ой атрофида парвоз қилган саноқли – атиги 24 нафар инсон қаторига қўшилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter