Асад ҳукуматининг яна бир машъум қилмиши фош бўлди

Зумайр шаҳри яқинидаги эҳтимолий оммавий қабристон.
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад ҳукумати Қутайфада дафн этилган минглаб жасадни яширин равишда Зумайр шаҳри яқинидаги чўл ҳудудига кўчирган. Асад маъмурияти шу йўл билан минглаб мухолифлари ўлдирилганини яшириш ва изларни чалкаштиришни кўзлаган. Мазкур мудҳиш жиноят Reuters агентлиги суриштирувида аниқланди.
Қутайфа шаҳридан жасадларни кўчириш 2019-2021 йилларда амалга оширилган.
Жасадлар қайта дафн этилган жойни аниқлаштириш учун Reuters жараёнга алоқадор 10 дан зиёд киши билан суҳбатлашган, ҳужжатлар ҳамда сунъий йўлдошдан олинган суратларни таҳлил қилган. Агентлик суриштирув натижалари юзасидан Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шаръа ҳукуматини хабардор этган.
Маълумотларга қараганда, Асад ҳукумати қамоқхона ва ҳарбий госпиталларда вафот этган мухолифларини 2012 йилдан Қутайфа шаҳрида оммавий равишда дафн эта бошлаган. Жасадларнинг кўчирилиши маъмурият халқаро ва миллий қонунчиликка зид қилмишларини беркитишга уринганидан далолат беради.
2024 йил декабрь ойида Сурияда Асадлар оиласининг 54 йиллик, жумладан, Башар Асаднинг 24 йиллик бошқаруви поёнига етган эди. Башар Асаднинг Россияга қочиши ортидан даҳшатли қатлгоҳ сифатида тилга тушган Сийдная қамоқхонасидаги маҳбуслар ҳам озод қилинганди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларига кўра, ушбу қамоқхонада 2011-2018 йилларда 30 мингдан зиёд маҳбус қатл қилинган ёки очлик, хасталик туфайли вафот этган. 2017 йилда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сийдная қамоқхонасини “инсоний қассобхона” деб атаган.
Асад ҳокимияти қулаши ортидан ўтказилган қидирув амалиётларида собиқ президентнинг укаси Моҳир Асадга тегишли наркозавод ва нарколабораториялар ҳам топилган. Наркотик моддалар савдоси собиқ маъмуриятнинг асосий даромад манбаларидан бири бўлгани айтилади.
Маълумот ўрнида, жорий йил сентябрь ойида Дамашқ суди Башар Асадни ҳибсга олиш учун ордер берди. Ҳибс ордери қасддан одам ўлдириш, ўлимга олиб келган қийноқлар ва озодликдан маҳрум қилиш бўйича айбловларни ўз ичига олади.
Суриянинг янги ҳукумати Россиядан собиқ президент Башар Асадни топширишни талаб қилиб келаётгани маълум.
Дарвоқе, бугун, 15 октябрь куни Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа Россияга илк расмий ташриф билан борган. Жаҳон матбуоти хабарига қараганда, Россия раҳбарияти билан музокараларда муҳим масалалар қатори Башар Асадни Дамашққа топшириш масаласи ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter