Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Буюк Британия Украинага дронларни ҳимоя қилиш технологиясини беради

Буюк Британия Украинага дронларни ҳимоя қилиш технологиясини беради

Буюк Британия Украинага ҳарбий-техникавий ёрдамни янада кенгайтирмоқда. Мамлакатнинг янги Бош вазири Энди Бёрнем Киевга Stone Cloak радиоэлектрон ҳимоя тизимини ишлаб чиқариш технологияси топширилишини эълон қилди.

Бу ҳақда у Украина Президенти Владимир Зеленский билан Портсмут шаҳридаги Британия ҳарбий-денгиз базасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди. Зеленский Бёрнем бош вазирлик лавозимига киришганидан кейин қабул қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.

Учрашув Британиянинг Queen Elizabeth авиаташувчисида бўлиб ўтди. Музокараларда Украина учун баллистик ракеталарни тутиб қолувчи воситалар етказиб бериш, дронлар ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик ва мудофаа саноатида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Энди Бёрнемнинг таъкидлашича, Лондон Украина билан зиммасига олган барча мажбуриятларни тўлиқ бажаради.

«Сиз лавозимга киришганимдан кейин қабул қилган биринчи хорижий етакчисиз. Бу тасодиф эмас. Бу Буюк Британия Украина томонида эканининг аниқ белгисидир», – деди у.

Stone Cloak тизими душманнинг радиоэлектрон кураш воситалари таъсирини камайтиришга қаратилган бўлиб, дронларнинг жанговар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Владимир Зеленский эса Украина ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар «ҳеч қачон бугунгидек мустаҳкам бўлмаганини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, томонлар мудофаа соҳасида қўшма ишлаб чиқаришни кенгайтиришни ҳам муҳокама қилган.

Украина раҳбари Буюк Британия ҳудудида йирик дронлар ишлаб чиқариш заводини ташкил этиш режаси борлигини ҳам маълум қилди.

Зеленскийнинг Лондонга ташрифи АҚШга сафаридан олдин амалга ошди. У Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиши кутилмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг