Зеленский Ўзбекистонда туғилган мулозимни муҳим лавозимга тайинлади
Зеленский бунгача Умеровга мудофаа вазирлигини ишониб топширганди.
3 август куни Украина президенти Владимир Зеленский Рустем Умеровни мамлакат Ташқи разведка хизмати раҳбари этиб тайинлади. Бунга қадар у Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби вазифасида фаолият юритиб келганди.
Умеров янги лавозимда Drone Deals ташаббуси бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида: Drone Deals бу — Украинанинг биргаликда дрон ишлаб чиқариш, жанговар тажриба алмашиш, мудофаа тизимига молиявий кўмак кўрсатиш каби йўналишлардаги халқаро ҳамкорлик форматидир.
«Ҳозирда Украина ҳарбий соҳада, хусусан, Drone Deals формати доирасида асосий шериклари билан ҳамкорликнинг янги босқичига чиқди. Drone Deals формати туфайли Украина узоқ муддатли молиялаштириш, мудофаа ишлаб чиқариши учун барқарор молиявий дастакни қўлга киритяпти. Шериклар эса замонавий мудофаага эга бўлмоқда. Ҳозирга қадар 9 мамлакат билан Drone Deals келишувлари тузилган ва яна 15 та шартнома устида иш олиб борилмоқда», — деб таъкидлаган Зеленский.
Рустем Умеров Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби сифатида Украина, АҚШ ва Россия ўртасидаги музокараларда фаол иштирок этган. Жумладан, жорий йил июль ойида АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер билан икки кун давомида музокара ўтказганди.
Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби вазифасига Игорь Клименко тайинланган. Зеленскийнинг фикрича, аввалроқ ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Клименко хавфсизлик жабҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича катта тажрибага эга.
Украина раҳбари сўнгги ҳафталарда мудофаа ва хавфсизлик тизимида бир қатор кадрлар алмашувларини амалга оширмоқда. Жумладан, июль ойи охирларида Қуролли кучлар бош қўмондони Александр Сирский лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнини генерал-майор Михайло Драпатий эгаллади.
Ҳукуматдаги кадрлар алмашинуви доирасида мудофаа вазири Михаил Фёдоров ҳам лавозимидан четлаштирилди.
Аввал хабар берганимиздек, Киевда минглаб одамлар ишдан олинган Фёдоровнинг лавозимига қайтарилишини талаб қилиб намойиш ўтказди.
Кўплаб украиналиклар уни армияни модернизация қилиш ҳамда Россиянинг ички нуқталарига дронлар орқали берилган муваффақиятли зарбаларнинг тимсоли деб билади. Фёдоровнинг ўзи ҳам мудофаа вазири лавозимига қайтиш истагини изҳор қилган.
Euronews хабар беришича, норозилик намойишлари ва мудофаа йўналишидаги инқирозга қарамай, Зеленский ҳозирча Михаил Фёдоровни вазирликка қайтариш бўйича қарор қабул қилганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Украина Ташқи разведка хизматининг янги раҳбари Рустем Умеров 1982 йилнинг 19 апрелида Самарқанд вилояти Булунғур туманида қрим татар оиласида туғилган. Отаси Энвер Умеров муҳандис-технолог, онаси Марям Умерова муҳандис-кимёгар бўлган.
1944 йил 18 май тунида шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг фармони билан 250 мингдан зиёд қрим татарлари ватанидан бадарға қилинган эди.
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири саналган сургун пайти Рустем Умеровнинг яқинлари ҳам Ўзбекистондан қўним топган.
Ушбу оила орадан 50 йил ўтиб, 1980-йиллар охиридагина ватани Қримга қайтишга муваффақ бўлган.
Рустем Умеров Украина Миллий бошқарув академиясини молия ва кредит йўналишида тамомлаган.
Тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш фаолияти билан бирга жамоат ишларида ҳам фаол қатнашган, хусусан, қрим татарлари манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларда ишлаган.
2019–2022 йилларда Украина парламенти депутати бўлган Р.Умеров эндиликда мамлакатнинг мудофаа, хавфсизлик ва разведка тизимларида фаолият юритмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter