Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лукашенкога қарши жиноят иши очилиши мумкин

Лукашенкога қарши жиноят иши очилиши мумкин

Фото: Focus.ua

Украина бош прокуратураси Беларус президенти Александр Лукашенкога қарши жиноят иши очиши мумкин. «Укринформ» агентлиги хабар беришича, бу борада Украина президенти девонидан бош прокуратурага сўров йўлланган.  

Бош прокуратура матбуот котиби Марьяна Гаевская-Ковбасюк мазкур сўров айни пайтда кўриб чиқилаётганини маълум қилган.  

Хабарларга қараганда, Беларус мухолифати вакиллари, жумладан, «Демократик кучлар форуми» Зеленский идорасига Лукашенкога қарши жиноий иш қўзғатиш ташаббуси билан мурожаат қилган. Беларус президенти лавозимига собиқ номзод Валерий Цепкало ҳам аъзо бўлган форум Лукашенконинг Россиянинг Украинага қарши тажовузини қўллаб-қувватлашдаги роли ва рус қўшини бостириб кириши учун Беларус ҳудудидан фойдаланилгани муносабати билан унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.

Украина ҳукумати Беларусни Россиянинг босқинчилик урушига кўмак беришда айблаб келади. Жумладан, жорий йил феврал ойида Зеленский “украиналикларни ўлдиришга кўмак бергани” сабаб Лукашенкога қарши санкция жорий этди.

Зеленскийнинг фикрича, Лукашенко шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун Беларус суверенитетини сотмоқда ва Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бермоқда.

Украина томонига кўра, Беларусдаги 3000 дан зиёд корхона Россияга ракета ишлаб чиқариш учун эҳтиёт қисмларни етказиб бермоқда. Беларус, шунингдек, ўз ҳудудида «Орешник» баллистик ракеталарини жойлаштирган. 2025 йилдан Беларус корхоналари Россияни ушбу қурол учун зарурий компонентлар билан таъминламоқда

Жорий йил июн ойида Беларус раҳбари Александр Лукашенко унинг мамлакати Украинага таҳдид туғдирмаслигини айтган ва узрхоҳлик руҳида баёнот берган эди.

Россия президенти Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси бўлган Лукашенко бир неча йилдан буён Украинани ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чорлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг