Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия разведкаси «Россия хатари»дан огоҳлантирди

Германия разведкаси «Россия хатари»дан огоҳлантирди

Фото: Фото: Olga Lavrentyeva

Германия контрразведка хизмати – Конституцияни қўриқлаш бўйича федерал идора (BfV) Бавария ҳудудидаги олимларнинг дронлар бўйича ихтиролари Россия махсус хизмати нишонига айлангани ҳақида баёнот берди.

Немис матбуоти хабарига кўра, хорижий давлатлар жосуслик идоралари Бавариядаги авиация, космонавтика, учувчисиз қурилмалар ва сунъий интеллект бўйича стратегик тадқиқотларга бот-бот қизиқиш билдирмоқда. Махфий маълумотларни ўғринча олишга уринаётган давлатлар сафида Хитой ҳам қайд этилган.

Бавариядаги илмий изланишлар нафақаи Германия, балки бутун Европада энг илғор тадқиқотлар  сирасига киради.

Мюнхен техника университетида (TUM) дронлар бўйича илмий изланиш олиб бораётган олимлар халқаро анжуманларда Россия ва Хитой тадқиқотчилари билан учрашиб, фикр алмашиб туради. Германия махсус хизмати наздида эса, илмий ҳамкорлик номи зикр этилган давлатларнинг ҳарбий саноати эҳтиёжи йўлида хизмат қилиши мумкин.

Бундестаг депутатлари ҳам авторитар давлатлар вакиллари билан хавфсизлик, ҳарбий саноатга доир ҳассос масалаларда ҳамкорликни хавотирли тенденция дея танқид қилган. 

Сўнгги вақтларда Россия ва НАТО ўртасидаги таранглик тобора кучаймоқда.

Жорий йил июнь ойида Польша разведка идораси раҳбари Павел Шота Россия Федерацияси НАТО давлатларига нисбатан провокацион ҳаракат содир этиб, вазиятни издан чиқариши мумкинлиги ҳақида баёнот берганди.

Кремль Россиянинг Шимолий Атлантика альянси давлатларига ҳужум қилиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ НАТОнинг бир қатор давлатлари расмийлари ва разведка хизматлари, жумладан, Германия мудофаа вазири Москва ҳужумга ҳозирлик кўраётганини айтмоқда.  

Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген Россия президенти Владимир Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди.

Германия федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Кал ҳам Ғарб давлатлари ўз мудофаа қобилиятини ошириш борасида қатъият кўрсатмаса, Москва ҳужуми қаршисида ожиз қолишидан огоҳлантирган.

Олдинроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган эди.

Аввал хабар берганимиздек, яқинда Европа Иттифоқи Россия билан боғлиқ деб ҳисобланаётган киберҳужумлар учун 9 нафар шахс ва 4 ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг