Қойилмақом уйқу...

Америкадаги Колумбия университетида бошқалар қатори бир йигит ҳам таҳсил оларди. Бир куни у қаттиқ чарчагани боис математика дарсида ухлаб қолди. Машғулот тугагач, шовқин-сурондан уйғониб, доскада ёзилган иккита масалани кўрди. «Уйга боргач ечаман», – деди ўзича.
Бироқ уйга қайтиб, вазифани ечишга киришганида англаб етди: бу масалалар оддий эмас, жудаям оғир, ечими йўқдек туюлди.
Аммо у тўхтамади – кутубхонага борди, китобларни титиб чиқди, куну тун изланди. Ҳар бир дақиқани шу икки масалага бағишлади.
Кейинги дарсда профессор масаланинг жавобини сўрамаётганидан ҳайрон бўлган талаба қўлини кўтарди:
– Устоз, ўтган сафар берган масалаларингизни текширмайсизми? Улар вазифа эмасмиди? – деб сўради.
Профессор кулумсираб жавоб берди:
– Ёш дўстим, мен ўша пайтда сизларга ҳали ҳеч ким ҳал қила олмаган иккита машҳур математикнинг муаммосини кўрсатганман, холос. Бу вазифа эмас эди.
Талаба бир лаҳза жим қолди, сўнг паст овозда деди:
– Лекин мен уларни ечдим...
Бу сўзлар шунчаки айтилмаган эди. Масаланинг ечимлари кейинчалик ҳақиқатан тўғри деб топилди. Бу ҳақда ёзилган тўртта илмий иш ҳозиргача университет архивида сақланмоқда – инсон иродаси ва ишончининг буюк қудратига ёдгорлик сифатида.
Юқоридаги воқеа бизга шуни ўргатади:
Талаба фақат бир нарсани билмаган – «бу мумкин эмас» деган гапни эшитмаган. Шунинг учун ҳам у имконсиз ишни адо қилди.
Ҳаёт сабоғи шуки, бошқалар сизнинг қувватингизга ишонмаса, ўзингиз ишонинг. Ҳеч қачон чекинманг, таслим бўлманг. Бошқаларнинг чегаралари – сизнинг чегарангиз эмас. Инсон ишонса, кўп ишларни уддалайди.
Энг муҳими, олдинга интилиш, уриниш ва «бўлмайди» деб ҳеч қачон айтмасликдир.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter