Қозоғистон «Иброҳим келишувлари»га қўшилишини тасдиқлади
Исроил президенти Исхак Герцог Қозоғистонга расмий ташриф билан келди. Астанада уни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев расмий маросим билан кутиб олди. Учрашувда томонлар икки давлат делегациялари аъзоларини таништирди, давлат гимнлари янгради.
Шундан сўнг, давлат раҳбарлари тор доирада музокаралар ўтказди. Тўқаев Исроил билан муносабатлар 1992 йилдан буён барқарор ривожланиб келаётганини таъкидлаб, сиёсий ва иқтисодий соҳаларда сезиларли натижаларга эришилганини қайд этди.
Президент Тўқаев Қозоғистоннинг «Иброҳим келишувлари»га қўшилиш қарорига алоҳида тўхталиб, бу қадам Яқин Шарқдаги барқарорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, мазкур келишувга расмий қўшилиш маросими яқин вақтларда айнан Остонада ўтказилиши мумкин.
Исхак Герцог ҳам, ўз навбатида Қозоғистонга ташрифни муҳим воқеа деб баҳолаб, бу унинг отаси – Исроилнинг собиқ президенти Хаим Герцог бошлаб берган дипломатик йўлнинг давоми эканини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса юқори технологиялар соҳасида катта салоҳиятга эга эканини айтди.
Кенгайтирилган таркибдаги музокараларда томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестицияларни кўпайтириш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва икки томонлама шартномавий базани кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни мунтазам давом эттириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter