Россия Константиновка назоратга олинганини даъво қилди, Украина буни рад этмоқда
Россия Константиновка шаҳри тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, шаҳар Россия Қуролли кучлари назоратига ўтган.
Бироқ ушбу маълумот ҳозирча мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Украина ҳарбий хариталарига кўра, Константиновканинг бир қисми ҳамон Украина Қуролли кучлари назоратида қолмоқда. Шунингдек, геолокация қилинган сўнгги видеоларда ҳам украин ҳарбийларининг шаҳар ичидаги позициялари акс этган.
Урушдан аввал қарийб 78 минг аҳоли яшаган Константиновка Донецк вилоятидаги муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. Агар шаҳар тўлиқ Россия назоратига ўтса, Москва қўшинлари Краматорск ва Славянск йўналишидаги ҳаракатларини осонлаштириши мумкин.
Сўнгги ойларда Россия қўшинлари шаҳар атрофида босқичма-босқич илгарилаб, уни бир неча йўналишдан ҳужумга тутган. Украина ҳарбийлари эса таъминот йўллари узилиш хавфи кучайганини бир неча бор маълум қилган.
Айни пайтда Украина Қуролли кучлари Бош штаби вакили, майор Андрей Ковалёв Россиянинг шаҳар тўлиқ эгаллангани ҳақидаги даъвосини рад этди. Унинг сўзларига кўра, айрим россиялик пиёда гуруҳлари шаҳарга кирган бўлса-да, Константиновка тўлиқ Россия назоратига ўтгани ҳақида гапириш учун асос йўқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter