Тўқаев президентликка қайта номзод қўйиши ҳақидаги саволга жавоб берди
Қ.Тўқаев парламент сайловида овоз бермоқда. Остона, 23 август.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бугун, 23 август куни мамлакатнинг бир палатали парламенти – Қурултой сайлови муносабати билан журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
«Власть» нашри вакили Тамара Ваал Қ.Тўқаевдан 2029 йилги президент сайловида қатнашиш нияти бор ёки йўқлигини сўраган.
«Конституциявий суд шундай қарор қабул қилди. Бу қонуний, албатта ва мен қонуний тартибда қайта сайланиш ҳуқуқига эгаман. Келгуси сайлов масаласига ёки сиз айтганингиздек, сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслигимга келсак, бу борада мулоҳаза юритишга ҳали эрта. Негаки, қайд этганимдек, мамлакатимиз олдида турган кўплаб масалаларни ҳал этишимиз керак. Бутун Қозоғистонни қурилиш майдонига айлантириб, аввало, фуқаролар учун ижтимоий объектлар барпо қилишимиз лозим... Эҳтимол, кейинги йили сизга (бу бўйича) аниқроқ жавоб берарман», – деган Қ.Тўқаев.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил июль ойида Қозоғистон Конституциявий суди Қосим-Жўмарт Тўқаев яна президентликка номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди.
Суд талқинига кўра, март ойида референдум орқали маъқулланган ва 1 июлдан эътиборан кучга кирган янги Конституция амалдаги давлат раҳбари Қ.Тўқаевга яна президентликка номзодини қўйишга имкон беради.
Аввалги Асосий Қонун бўйича давлат лавозимларида ишлаган шахслар конституциявий ислоҳотдан кейин қайта сайланиш ёки лавозимга тайинланиш ҳуқуқига эга бўлади ва бу уларнинг биринчи сайлови ёки лавозимга тайинланиши ҳисобланади.
Қ.Тўқаевнинг президентлик муддати 2022 йил ноябрда бошланган ва 2029 йил ноябрда тугайди.
2025 йил май ойида Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида Қ.Тўқаев давлат раҳбари ёлланма менежер эканини таъкидлаган ҳолда, етти йиллик ваколат муддати тугагач, 2029 йилда истеъфога кетишини айтган эди.
Конституциявий суд Қ.Тўқаев навбатдаги муддатга президентлик сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга экани ҳақида қарор чиқаришидан аввалроқ Қозоғистон раҳбари БМТ Бош котиби лавозимига кутилмаган номзод сифатида илгари сурилиши эҳтимоли ҳам муҳокама этилганди.
Маълумот ўрнида: Қ.Тўқаев БМТнинг расмий тилларидан тўрттасини билади ва аввал БМТ Бош котиби ўринбосари ҳамда Женевадаги ваколатхона раҳбари лавозимида ишлаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter